2023−2026 йилларда темир йўл транспорти соҳасини ислоҳ қилиш доирасида Ўзбекистон Жанубий Корея ва Чехиядан электропоездлар харид қилишни режалаштирмоқда. Бу президентнинг 10 октябрдаги қарорида кўзда тутилган.

Транспорт вазирлиги ва «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясига октябрь ойида Жанубий Кореянинг Hyundai Rotem компанияси билан 6 та тезюрар электр поезди харид қилиш бўйича тўғридан-тўғри шартнома имзолаш топширилди.

Шу мақсадда ноябрь ойида Корея Республикасининг Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик фонди (EDCF) ҳисобидан 35 йил муддатга, шу жумладан 10 йиллик имтиёзли давр билан 185 млн евро миқдорида йиллик 0,1 фоизлик кредит жалб этиш режалаштирилган.

Škoda 7Ev электропоезди. Фото: Skoda TransportationŠkoda 7Ev электропоезди. Фото: Skoda Transportation

Бундан ташқари, Транспорт вазирлиги ва ЎТЙга Чехиянинг Skoda Transportation компанияси билан 30 та электропоезд етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартнома тузиш топширилди. Шу мақсадда Чехия банкларидан 350 млн евро миқдорида йиллик 5,5 фоиз ставкада 15 йил муддатга, жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан кредитлар жалб этиш режалаштирилмоқда.

Барча кредитлар Ўзбекистон номидан ва давлат кафолати остида имзоланади, дейилади ҳужжатда.

2023 йил апрель ойида Ўзбекистон раҳбарияти билан транспорт соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилиш чоғида Чехия бош вазири Петр Фиала Škoda Transportation компанияси 34 та замонавий поезд етказиб бериш бўйича тендерда иштирок этаётгани ҳақида хабар берган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2018 йилда Hyundai компаниясини Тошкент ва Самарқанд ўртасида юқори тезликда ҳаракатланиш таркибини ташкил этишга жалб қилишни режалаштирган эди. Лойиҳа 1 млрд долларга баҳоланди. Томонлар электропоездлар етказиб бериш масаласини ҳам муҳокама қилди, аммо якунда «Ўзбекистон темир йўллари» Ўзбекистон учун Afrosiyob поездларини ишлаб чиқарган Испаниянинг Talgo компаниясини танлади.

Яқинда Ўзбекистон делегацияси Жанубий Кореяда бўлиб, янги поездлар харид қилиш бўйича музокаралар олиб борди.

Hyundai Rotem — Hyundai Motor Group таркибига киради. 1979 йилда ташкил этилган. Ўшандан бери у поэздлар ва трамвайларнинг етакчи етказиб берувчиларидан бири ҳисобланади. Компаниянинг поездлари 50 дан ортиқ мамлакатларда, жумладан АҚШ, Янги Зеландия, Австралия ва Канадада қўлланилади. Марказий Осиёда Hyundai Rotem маҳсулотлари Қозоғистон томонидан қўлланилади — компания поездлари Олмаота метросига хизмат қилади.

Skoda Transportation гуруҳи 1995 йилда Пльзене шаҳрида ташкил этилган. Темир йўл локомотивлари, метро вагонлари, шаҳар электр поездлари, шунингдек, трамвайлар, троллейбуслар, автобуслар, двигателлар, тортиш ускуналари ишлаб чиқаради. Конгломерат темир йўл ва жамоат транспортини модернизация қилиш билан ҳам шуғулланади. Бренд 14 давлат, жумладан Польша, Хитой ва АҚШ билан ҳамкорлик қилади.