Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси 20 декабрь куни Humo Arena мажмуасида Hammali & Navai гуруҳининг концерт дастурига ташриф буюришни режалаштираётган фуқаролар учун қатор тавсиялар берди.

Бошқарманинг қайд этишича, «тиқилинчликларга йўл қўймаслик мақсадида» концерт бошланишидан камида бир соат олдин келиш лозим.

Электрон чипталар сохталаштирилиши мумкинлиги сабабли ИИББ Humo Arena мажмуасида ташкил этилган кассада уларни қоғозли чипталарга алмаштириб олишларини тавсия қилди.

Humo Arena мажмуасига сектор кесимида кириш қуйидаги йўлаклар орқали амалга оширилади:

  • В,С секторларида ўтирувчилар 1-сонли кириш пунктидан;
  • С,D секторларида ўтирувчилар 2-сонли кириш пунктидан;
  • A,D секторларида ўтирувчилар 3-сонли кириш пунктидан;
  • В,А секторларида ўтирувчилар 4-сонли кириш пунктидан.

Эслатиб ўтамиз, 25 ноябрь куни Тошкентда қозоғистонлик қўшиқчи Jah Khalib концерти бўлиб ўтган Humo Arena мажмуасига киришда тиқилинч ва тартибсизликлар юз берганди. Миллий гвардия маълумотларига кўра, мингдан ортиқ фуқаро сканерланган чипталарни такроран тақдим этгани учун киритилмаган.

iTicket.uz компанияси концертга кўпчилик учинчи шахс ёки сайтлардан қалбаки чипталар сотиб олгани учун кира олмаганини маълум қилганди. Кўп ўтмай Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳар бўйича бошқарма бошлиғи Атамурад Ахмедов ушбу концерт воқеалари сабаб ишдан олингани айтилганди.