25 ноябрь куни Humo Arena мажмуасида бўлиб ўтадиган қозоғистонлик қўшиқчи Jah Khalib`нинг концертига расмий манбадан ёки iTicket.uz кассасидан чипта сотиб олиб, тадбирга кира олмаган ҳар бир кишига пул қайтарилади. Бу ҳақда iTicket.uz хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, шанба куни концерт бошланишидан аввал мухлислар зонасига кираверишда тиқилинч юзага келган эди. Ижтимоий тармоқларда кираверишда минглаб одамлар тўпланиб қолгани акс этган видеолар тарқалди.

Компания тартибсизликларга концерт учун сохта чипталарни расмий iticket.uz платформаси орқали эмас, балки учинчи томон сайтларида харид қилган кўплаб одамлар сабаб бўлганини маълум қилди.

«Чайқовчилар томонидан сотилган юзлаб қалбаки чипталар аниқланди. Бунда, атиги битта QR код ёрдамида тадбирга киришга 115 та уриниш амалга оширилди», — дейилади хабарда.

Дастурий назорат тизими туфайли қалбаки чипта сотиб олганлар тадбирга кира олмади. Бироқ, улар яратган тартибсизликлар натижасида қўлларида ҳақиқий чипталари бўлган одамлар ҳам концертга кира олмади, дея таъкидлади компания.

Қалбаки чипталар ва уларни сотиб олган шахсларга оид маълумотлар айбдорларни аниқлаш ва жавобгарликка тортиш учун пойтахт Ички ишлар бош бошқармасига юборилди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси, ўз навбатида, тергов бошқармаси томонидан фуқароларга қалбаки чипталарни сотилганлиги бўйича Жиноят кодексининг 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни тайёрлаш, қалбакилаштириш, уларни сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Компаниянинг эслатишича, iTicket.uz концертлар ташкилотчиси эмас ва фақат чипталарнинг амал қилиш муддати ва харидорларнинг маблағлари учун жавобгардир.

«Сиздан чипталарни фақат веб-сайт ёки iTicket.uz кассасидан ёки тадбир ташкилотчиларидан харид қилишингизни сўраймиз. Чипталарни қайта ёки бошқа ҳар қандай шаклда сотиш қонун билан тақиқланган», — деб эслайди компания.