20 декабрь куни пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида ҳаракатланиб кетаётган йўловчи автобусида содир бўлган қисқа туташув ёнғинга сабаб бўлди, деб хабар бермоқда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ матбуот хизмати.

Ҳодиса соат 20:00 да 151-сонли Mercedes-Benz (2008 йилда ишлаб чиқарилган) Мирзо Улуғбек кўчаси Кимё институти биноси қаршисида ҳаракатланаётган вақтда рўй берган.

Дастлабки маълумотга кўра, автобусда юқори босимли ҳаво қувурининг ёрилиши туфайли қисқа туташув юзага келган.

автобус, ёнғин, тошшаҳартрансхизмат

Ҳайдовчи тутунни ўчириш учун дастлабки чораларни кўришига қарамай, қисқа туташув алангага айланган, дейилади хабарда. Воқеа жойига ФВВ ёнғин қутқарув бўлинмаси тезкор гуруҳи чақирилиб, ёнғин тез фурсатда бартараф этилган.

«Тошшаҳартрансхизмат» ҳодиса оқибатида жароҳат олганлар йўқлиги, автобуснинг двигатель қисмига зарар етганини билдирди.

АЖнинг ишлаб чиқариш техник бўлими ходимлари томонидан хизмат текшируви олиб борилаётгани қўшимча қилинди.