Самарқанд шаҳрининг Гагарин ва Рудакий кўчаларида яшовчи фуқаролар Ўзбекистон президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёевага хат йўллаб, мазкур кўчалар чорраҳасида туннель қурилиши режалаштирилганидан хавотир билдирди. «Газета.uz» ўрганиб чиққан мактубни 100 га яқин киши имзолаган.

«Газета.uz» аввалроқ зарурият мавжудлиги ҳам аҳоли, ҳам мутахассисларда савол уйғотган ушбу лойиҳа ҳақида ёзганди. Туннель қурилиши шаҳардаги транспорт муаммоларини ҳал этмайди, балки янгиларини яратади, деган фикр Транспорт вазирлигининг Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази директори Мурод Абидов ва Самарқанднинг транспорт бош режасини ишлаб чиққан компания — SIMETRA компанияси вакили Владимир Валдин томонидан билдирилган. Kun.uz ҳам қурилиш зарурияти ҳақида саволлар билан мурожаат қилган. Оммавий ахборот воситаларидаги бундай материалларга Самарқанд шаҳри ва вилояти ҳокимиятлари томонидан ҳеч қандай муносабат билдирилмаган.

Маҳаллий ҳокимият органлари фуқаролар ва мутахассисларнинг фикр-мулоҳазаларини эътиборсиз қолдираётгани боис аҳоли Президент администрациясига мактуб йўллади. Унда шундай дейилади: «Биз ушбу туннель қурилиши лойиҳаси шаҳар аҳолисининг хавфсизлиги, ҳаёти ва соғлиғи, шунингдек, атроф-муҳит учун жиддий хавф туғдиришига ишончимиз комил».

«Мурожаатимизга жавобан маҳаллий ҳокимият бунинг давлат сиёсати эканини билдирди», — дея таъкидлайди хат муаллифлари. «Амалдор ва сиёсатчиларнинг ҳеч бири бу чорраҳада яшамайди», — дея қўшимча қилган мурожаатчилар бундай қурилиш лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасидан ўтиши кераклигини эслатиб ўтди.

Қурилишга тайёргарлик ишлари аллақачон ҳудуд экологиясига салбий таъсир кўрсатди. Аҳоли тунги вақтда олиб борилган дарахт кесилишларидан норози. Жараён туфайли ойлар давомида чанг кўтарилмоқда. Автотранспорт оқимининг ошиши билан (ҳокимият айни шу мақсадда туннель қурилаётганини яширмайди) ҳаво сифати муқаррар равишда ёмонлашди ва шовқин даражаси кўтарилди.

Ерости коммуникацияларини (сув, газ, канализация) кўчанинг марказидан турар жой биноларига ўтказиш ҳам катта ташвиш туғдирмоқда. «Биз коммунал қурилиш бўйича мутахассисни таклиф қилдик, у бизга газ, канализация ва сув қувурларини ётқизиш ишлари битта чуқурликда ва кўп қаватли тураржой бинолари яқинида амалга оширилиши қурилиш меъёрларига мос келмаслиги тўғрисида аниқ тушунтиришлар берди», — дейилади мактубда.

«Туннель қурилиши кўчадаги транспорт ҳаракатида катта ўзгаришларга олиб келиши, бу эса маҳаллий аҳоли ва корхоналар учун ҳаракат эркинлиги ва қулайлигига таъсир қилиши мумкин. Туннель қурилгандан сўнг 900−1200 метр радиусда жамоат транспорти учун тўхташ жойлари бўлмайди», — дейди хат муаллифлари.

Туннель қурилиши яшаш шароитларининг ёмонлашишига олиб келади ва ҳудуддаги кўчмас мулк бозорига салбий таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, у пиёдалар учун қулайликни камайтириб, овқатланиш шохобчалари, дўконлар ва бошқа муассасаларга киришни қийинлаштиради, бу эса оқибатда мижозлар йўқолишига ва ушбу корхоналар даромадларининг пасайишига сабаб бўлади.

«Туннеллар турар жой массивлари ва инфратузилмаси бўлмаган жойларда қурилади», — деб таъкидлайди муаллифлар. «Турар жойлари мавжуд кўчада туннель қуриш шунчаки техник вазифа эмас», балки одамлар ҳаётининг кўп жабҳаларига тааллуқли масала, дейди улар.

Аҳолининг таъкидлашича, улар шаҳарда инфратузилмани ривожлантириш зарурлигини эътироф этади, аммо санаб ўтилган жиҳатларни ҳисобга олиш керак, чунки қурилиш ҳудуд ва бутун шаҳар учун потенциал хавфларни келтириб чиқаради. «Биз қарорлар жамият манфаатлари ва барқарор ривожланиш ўртасидаги мувозанатга асосланишига умид қиламиз», — дейди улар.

Саида Мирзиёевага юборилган хат варақларидан бири.Саида Мирзиёевага юборилган хат варақларидан бири.

Аҳолининг мактубига оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган фото- ва видеоматериаллар илова қилинган.

Эслатиб ўтамиз, қурилиши режалаштирилган туннель Самарқанд марказидаги учинчи туннелга айланади. Биринчиси ШҲТ саммити арафасида Рудакий ва Бўстонсарой кўчалари чорраҳасида қурилган. У ерда мунтазам тирбандликлар аллқачон вужудга келган. Иккинчи туннель Гагарин ва Мирзо Улуғбек кўчалари кесишмасида қурилмоқда. Қуйида ушбу мавзу бўйича олдинги материалларимизга ҳаволалар мавжуд.