S&P Global Ratings халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг хорижий ва миллий валютадаги суверен кредит рейтингларини барқарор прогноз билан «ВВ-/B-» даражасида тасдиқлади. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати пресс-релизида сўз борган.

Агентликнинг таъкидлашича, Россиянинг Украинага қарши уруши давом этиши, Хитой ва бошқа асосий савдо ҳамкори бўлган мамлакатларда иқтисодий ўсиш истиқболлари заифлашаётгани, шунингдек, ҳали ҳам юқорилигича қолаётган инфляция фонида Ўзбекистон ўсиш ва ижтимоий барқарорлик учун рискларни асосан бюджет рағбатлари ва нархлар устидан маъмурий чоралар орқали бартараф этмоқда.

«Биз бу йилги бюджет тақчиллигини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,5 фоиз деб ҳисоблаймиз, бу аввалги прогнозларимиздаги 3,5 фоиздан юқори, чунки ҳукумат иш ҳақи ва ижтимоий харажатларни оширди. Шунингдек, бюджет консолидацияси секинроқ юз беришини кутяпмиз, чунки баъзи ижтимоий харажатларни ортга қайтариш қийинроқ бўлади», — дея тушунтирди S&P.

Таҳлилчилар давлат корхоналари қарз юкининг бир қисми потенциал равишда ҳукумат балансига ўтиши мумкин деб ҳисобламоқда. Сўнгги пайтларда корпоратив бошқарув ва молиявий профилларнинг заифлиги туфайли газ («Ўзбекнефтгаз») ва қишлоқ хўжалиги тармоқларидаги айрим давлат компаниялари тўлов қобилиятининг ёмонлашуви ҳам бутун иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Лекин ҳукумат нархларни айрим қўшни давлатларга қараганда анча паст ушлаб турган ҳолда бўлса ҳам электр энергияси ва газ тарифларини оширишни бошлади. Энергия нархларини либераллаштириш ва бошқа иқтисодий ислоҳотлар, жумладан, хусусийлаштириш келгуси тўрт йил ичида иқтисодий ўсишнинг 5 фоиздан юқори бўлиб туришига ёрдам бериши керак, дейилади ҳисоботда.

Ўзбекистоннинг ривожланиш йўлидаги эҳтиёжлари фонида импорт ва жорий ҳисоб тақчиллиги ошади, хомашё товарлари экспорти эса нархларнинг тебранишларига боғлиқ. 2022 йилдаги асосан Россиядан келиб тушган пул ўтказмалари оқимидаги бир марталик таъсир (рекорд кўрсаткич — 16,9 млрд АҚШ доллари) йўққа чиқади.

Шунингдек, Ўзбекистон газни соф экспорт қилувчи давлатдан соф импорт қилувчи давлатга айланди, чунки ички газ истеъмоли кескин ошиб, ишлаб чиқариш қисқарди.

«Ўзбекистоннинг фискал ва ташқи захиралари тарихан товарларни сотишдан тушган даромадларнинг бир қисмини суверен жамғарма — Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига (ЎТТЖ) ўтказиш сиёсатидан фойда кўрган. Бундан ташқари, собиқ президент Ислом Каримовнинг аввалги тузуми даврида ташқи қарз олиш узоқ йиллар давомида чекланган бўлиб келган ва сўнгги йиллардагина кўпая бошлади», — дейилади агентлик хабарида.

S&P маълумотларига кўра, Ўзбекистон рейтинглари учун мамлакатнинг аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулоти билан ўлчанадиган паст иқтисодий кўрсаткичлари яхшиланаётган бўлса-да, пул-кредит сиёсатининг мослашувчанлиги даражаси қийинчилик туғдирмоқда.

Иқтисодиёт

Агентликнинг таъкидлашича, Россиядан пул ўтказмалари 2022 йилда қайд этилган рекорд даражадан камайган бўлса ҳам, Ўзбекистон иқтисодиёти Россиянинг Украинага қарши уруши салбий таъсирларига қарши яхши туриб беришда давом этмоқда.

2022 йилда қарийб икки баравар — 17 млрд долларгача (ЯИМнинг 21 фоизи) ўсганидан сўнг 2023 йилнинг дастлабки 9 ойида пул ўтказмалари оқими учдан бирга қисқариб, 8,4 млрд долларни ташкил этди. Бу йилги пасайиш, эҳтимол, ўтган йили уруш бошланганидан кейин жамғармаларнинг бир марталик кўчирилиши, Россиядаги ўзбекистонлик ишчилар сонининг қисқаргани, Россияда яшаш нархининг ошгани ва сўмнинг рублга нисбатан мустаҳкамланишини акс эттиради.

Бироқ ўтказмалар ҳажми ҳали ҳам 2021 йилга нисбатан тахминан 45 фоизга юқори бўлиб турибди. Россия Ўзбекистон учун пул ўтказмаларининг энг йирик манбаи бўлиб қолмоқда ва пул ўтказмалари умумий ҳажмининг қарийб 80 фоизи шу мамлакат ҳиссасига тўғри келади.

Тадбиркорлик субъектларига солиқ имтиёзлари, экспортни рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя чоралари кўринишидаги давлат имтиёзлари, жумладан, субсидияланган ипотека кредитлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига бепул тиббий хизмат кўрсатиш пул ўтказмалари оқими секинлашишига қарамай истеъмол ўсишини рағбатлантиради. Ҳукумат, шунингдек, асосан давлат-хусусий шерикчилик (ДХШ) ва хорижий инвестициялар ҳисобига электр ва газ ишлаб чиқаришни, шунингдек, мис, олтин, кумуш ва уран қазиб олишни кенгайтиришни режалаштирмоқда.

Сўнгги беш йил ичида Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши асосан инвестицияларга таянди, инвестицияларнинг ЯИМга нисбати дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлиб, 35 фоиз атрофида бўлди. Ҳукумат электроэнергетика, нефть-газ, транспорт ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун ташқи қарзларни жалб қилди. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқими нисбатан паст бўлиб қолмоқда ва қазиб олиш тармоқларида концентрациялашган. Таҳлилчилар катта мақсадлар белгиланган хусусийлаштириш дастурига қарамай, қисман Россия компаниялари инвестицияларининг қисқариши ҳисобига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқими фақатгина аста-секинлик билан ўсишини кутмоқда.

Ўзбекистон иқтисодиёти 2023 йил якуни бўйича 5,6 фоизга, 2024 йилдан 2026 йилгача эса 5,2 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

Пандемия ва ташқи ноаниқлик туфайли кўп йиллик кечикишлардан сўнг октябрь ойига келиб корхоналар учун электр энергияси ва газ тарифларини ошириш бошланди. S&P энергия нархини либераллаштириш бир неча йил давомида босқичма-босқич амалга оширилишини кутмоқда.

Агентликка кўра, Россия билан бизнес юритувчи ўзбек компаниялари ва муассасаларига нисбатан АҚШ ҳамда Европа Иттифоқининг жиддий иккиламчи санкцияларига учраш риски нисбатан пастлигича қолмоқда, чунки ҳукумат санкциялар талабларига риоя қилишга ҳаракат қилмоқда. Масалан, 2022 йилда Россиянинг «Мир» тўлов тизими иши қисман тўхтатилган, шунингдек, Россияга қарши санкциялар туфайли «Ўзагроэкспортбанк»нинг Россия «Совкомбанк»и томонидан сотиб олиниши тўхтатилганди.

Ҳисоботда «қарорлар қабул қилиш жараёни юқори даражада марказлашгани ва институтлар ўртасида камроқ ривожланган жавобгарлик ва тийиб туриш тизимини ҳисобга олган ҳолда сиёсий чораларни башорат қилиш» қийин экани таъкидланган.

Ташқи қарз ўсишда давом этади

s&p global ratings, ўзбекистон кредит рейтинги

Таҳлилчилар 2017 йилдаги соф активлар билан солиштирилганда Ўзбекистоннинг соф давлат қарзи 2026 йилга бориб ЯИМнинг қарийб 28,5 фоизини ташкил этишини кутмоқда. 2022 йилдаги вақтинчалик пасайишдан сўнг Ўзбекистоннинг жорий ҳисоб тақчиллиги 2026 йилгача ЯИМнинг ўртача 5,3 фоизи атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. У тўғридан-тўғри соф хорижий инвестициялар ва қарзлар комбинацияси ҳисобига молиялаштирилади.

«Сўнгги йилларда пул-кредит сиёсати яхшиланганига қарамай, биз ҳали ҳам Марказий банкнинг операцион мустақиллиги чекланган деб ҳисоблаймиз, шу билан бирга, кредитларнинг долларлашуви юқорилигича қолмоқда: 43 фоиз атрофида», — дейилади агентлик хабарида.

Уруш ва озиқ-овқатларнинг юқори нархлари таъсирини юмшатиш учун ҳукумат бу йил иш ҳақи ва ижтимоий харажатларни оширди. Ҳукумат соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштиришни, корхоналар ва озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилувчилар учун солиқ имтиёзларини кўпайтирди, озиқ-овқат нархлари ҳамда экспортчилар учун молиявий ресурслар устидан назоратни кучайтирди.

«Биз 2023 йилда бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,5 фоизни ташкил этишини кутмоқдамиз, бу бюджетда режалаштирилган 3 фоиздан анча юқори. 2024 йилдан биз электр энергияси ва газ тарифларини ислоҳ қилиш, капитал харажатларни қисқартириш ҳамда янада мақсадлироқ ижтимоий харажатлар, шунингдек, солиқ йиғишнинг яхшиланиши ҳисобига босқичма-босқич фискал консолидацияни кутмоқдамиз. Ҳукумат томонидан яширин иқтисодиётни қисқартириш ва давлат корхоналари фаолиятини яхшилаш бўйича ишлар олиб борилаётгани сабабли солиқ солинадиган базанинг босқичма-босқич оширилишини кутмоқдамиз», — дейилади ҳужжатда.

Ҳукумат бюджет тақчиллиги 2024 йилда 4 фоизга, 2025 йилда эса 3 фоизга тушишини кутмоқда. Бироқ S&P келгуси йилларда фискал консолидация секинроқ юз беришини прогноз қилди, шу сабабли тақчиллик соғлиқни сақлаш хизматлари, пенсия ва аҳолининг заиф гуруҳларини манзилли қўллаб-қувватлаш каби ижтимоий ҳимояга потенциал юқори харажатлар туфайли 2026 йилга келиб ЯИМнинг 3,7 фоизини ташкил қилиши прогноз қилинган.

Бюджет прогнози учун қўшимча рисклар, шу жумладан, нархлари ўзгариб туриши мумкин бўлган олтин каби хом ашё товарларни сотишга боғлиқлик сақланиб қолмоқда. Ижтимоий харажатлар, жумладан, иш ҳақи, давлат харажатларининг тахминан 50 фоизини ташкил қилади ва сиёсий сабабларга кўра корректировка қилиш қийин бўлиши мумкин, дейилади ҳисоботда.

Бюджет тақчиллиги кутилганидан юқори бўлиши натижасида ялпи давлат ва давлат томонидан кафолатланган қарз 2022 йилдаги 37 фоиздан 2026 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 42 фоизигача ошиши кутилмоқда. Шунингдек, давлат корхоналари ва ДХШ бўйича лойиҳаларнинг нисбатан катта ҳажмдаги кафолатланмаган қарзлари ҳукумат балансида молиялаштирилиши риски ҳам мавжуд. Сўнгги йилларда давлат корхоналари энергетика ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун, айниқса, хорижий валютада қарз олишни сезиларли даражада оширди. Янги ташқи қарзлар бўйича чекловларга қарамасдан, айрим лойиҳалар натижалари кутилганидан ёмонроқ бўлса, бошқарув ёки назоратда камчиликлар юзага келса, компаниялар ушбу қарзни тўлашда муаммоларга дуч келиши мумкин.

Ташқи рискларни ва валюта ўзгаришларига таъсирчанликни камайтириш учун ҳукумат ички қарз олишни оширмоқда. Ички қарзнинг умумий қарздаги улуши 2022 йил охиридаги 11 фоиздан 2023 йил 30 июнь ҳолатига кўра 18 фоизга ошган. Шу билан бирга, ҳукумат ривожланиш соҳасидаги эҳтиёжларини молиялаштириш учун Жаҳон банки, Осиё инфратузилма банки ва Осиё тараққиёт банкидан имтиёзли қарзларни жалб қилишни давом эттиришни режалаштирмоқда.

Ҳукуматнинг 2023 йилда ЯИМнинг 17 фоизини ташкил этган ликвид активлари асосан ЎТТЖда сақланади. 2006 йилда ташкил этилган ва дастлаб давлат капитали киритилиши ҳисобидан молиялаштирилган Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси олтин, мис va газни маълум чегараланган нархлардан юқори сотишдан даромад олади. Агентлик ҳукуматнинг соф активларини баҳолашда фонд активларининг фақат ташқи қисмини ҳисобга олади. Чунки активларнинг ички қисми, давлат корхоналарининг кредитлари ва банкларга киритилган капиталдан ташкил топган, агентлик эса «сезиларли даражада ноликвид» деб ҳисоблайди — «зарурат бўлганда улардан қарзга хизмат кўрсатиш учун фойдаланиш мумкин бўлиши эҳтимоли паст».

Ўзбекистон экспорти аввалгидек хомашё товарларига боғланган, товарлар экспортнинг қарийб 40 фоизи шунга тўғри келади, айниқса, олтинга. Жорий ҳисоб тақчиллиги 2023 йилнинг биринчи ярмида ялпи ички маҳсулотга нисбатан 7,7 фоизини ташкил этди, бу асосан пул ўтказмаларининг қисқариши ва импортнинг кучли ўсиши билан боғлиқ. Жаҳон миқёсида хом ашё нархларининг ошиши ва олтин сотуви 2022 йилда экспорт ҳажмининг сезиларли даражада ошишига ёрдам берди.

«Бироқ биз олтин баҳоси прогноз давридаги 2023 йилда 1850 доллар/унциядан 2024 йилда 1500 доллар/унцияга ва 2025 йилда 1400 доллар/унциягача пасайишини кутмоқдамиз. Мис нархининг ошиши эса пасайишнинг бир қисмини қоплаши мумкин», — дейилади ҳисоботда.

s&p global ratings, ўзбекистон кредит рейтинги

Таҳлилчилар 2023−2026 йилларда жорий ҳисоб-китоб тақчиллиги капитал ва юқори технологияли товарлар импорти ҳисобига ўртача 5,3 фоизни ташкил этишини прогноз қилмоқда.

Ўзбекистоннинг валюта захиралари олтин нархининг тушиши ва жорий ҳисобнинг давом этаётган тақчиллиги туфайли 2026 йилгача бироз қисқариши тахмин қилинмоқда. Марказий банкнинг монетар олтин захиралари умумий фойдаланиш мумкин бўлган захираларнинг деярли 80 фоизини ташкил қилади. Марказий банк Ўзбекистонда қазиб олинадиган олтиннинг ягона харидори ҳисобланади. У ўз интервенциясининг ўзбек сўмига таъсирини компенсация қилиш учун олтинни миллий валютада сотиб олиб, кейин маҳаллий бозорда доллар сотади.

«Биз ЎТТЖ активларини Марказий банкнинг заҳира активлари таркибидан чиқарамиз, чунки биз уларни фискал активлар деб ҳисоблаймиз. Бизнинг нуқтаи назаримиз сўнгги тўрт йил ичида ЎТТЖнинг ташқи активлари бюджет томонидан ички иқтисодиётда фойдаланишини тасдиқлайди. 2023 йил 31 октябрь ҳолатига кўра, ЎТТЖнинг жами активлари 16,7 млрд долларни, уларнинг ликвид қисми эса 6,5 млрд долларни ташкил қилди», — дейилади агентлик хабарида.

Ўзбекистон Марказий банки инфляция олдин прогноз қилинган 2024 йил ўрнига 2025 йилнинг иккинчи ярмида 5 фоиз атрофигача пасайишини кутмоқда. S&P бу масала бўйича янада камроқ оптимистлик кўрсатмоқда ва инфляция жорий йилда 11 фоиз ва 2024−2026 йилларда ўртача 7,7 фоиз даражасида бўлишини прогноз қилмоқда.

Соҳада давлат банклари улушининг кўплиги (жами активларнинг қарийб 70 фоизи) ва имтиёзли давлат кредитлаш дастурлари пул-трансмиссия механизми самарадорлигини пасайтиради, дея таъкидлади агентлик.

«Бироқ имтиёзли ставкаларда мақсадли кредитлаш босқичма-босқич пасайиб бораётганини қайд этиб ўтамиз. Долларлашув даражаси гарчи пасайган бўлса ҳам, ҳамон юқорилигича қолмоқда ва 2023 йил октябрь ҳолатига кўра кредитларнинг қарийб 45 фоизини ва депозитларнинг 32 фоизини ташкил этмоқда. Фоиз ставкаларининг ўзгариши ва банклар учун мажбурий резервлар ўртасидаги фарқлар туфайли биз миллий валютадаги депозитларнинг ўсиши хорижий валютадаги депозитлар ўсишини ўзиб кетишини кутяпмиз», — дейилади шарҳда.

Таҳлилчиларнинг фикрича, Ўзбекистон банк сектори барқарорликни намойиш этишда давом этади. Иқтисодиётнинг тикланиши ва чакана кредитлашнинг паст даражаси (уй хўжаликларининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан қарзи даражаси 10 фоиздан паст) келгуси бир неча йил ичида кредитларга бўлган талабнинг ўсишини таъминловчи асосий омиллардан бири бўлиб қолади.

Банкларнинг молиялаштириш манбалари барқарор бўлиб, уларга давлат ва халқаро молия институтларининг катта маблағлари, шунингдек, юридик шахслар ва чакана депозитларнинг ўсиши таъсир ўтказади. Бироқ ички бозорда узоқ муддатли кредитлашга бўлган имконият чекланганича қолмоқда. 2022 йилда «Туркистон банк» va Hi-Tech Bank`га таъсир ўтказган лицензияларнинг чақириб олиниши заифроқ институтларни тозалашни назарда тутса-да, бу агентликнинг регуляторлик ҳаракатларига нисбатан камроқ прогноз қилинадиган ва камроқ шаффоф бўлган ёндашув ҳақидаги нуқтаи назарини мустаҳкамлайди.