Олий Мажлис Сенатида дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг атроф муҳит, сув ва йўл хўжалиги объектларига салбий таъсири юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Унда сенаторлар ҳукумат вакиллари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари олдига нима учун аввал кўтарилган муаммолар ҳали ҳам ҳал этилмагани юзасидан саволлар қўйди.

Хусусан, Сенат аъзоси Абдураҳим Панжиев Сенат томонидан юборилган парламент сўровига ҳукумат вакиллари эътиборсиз муносабатда бўлганини танқид қилиб, сўровдаги муаммолар ҳал қилинмаганини билдирган бўлса, сенатор Рустам Холмурадов муайян ташкилотлар бу каби миллий муаммоларга беэътибор бўлаётганини, бу вазиятларга жиддий ёндашиш зарур эканини айтиб ўтган эди.

Ўз навбатида, Вазирлар Маҳкамаси вакиллари билдирилган эътирозларга янада жиддий эътибор қаратиб, вазиятни назоратга олди ва қонунбузарликларга нисбатан таъсирчан чоралар кўрилишини таъминлади.

сенат, қум-шағал

Жумладан, дарё ўзанларида қум-шағал қазиб олиш фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларидан лицензия ёки шартнома муддати тугагандан сўнг кон ёки участкани қабул қилиб олиш тартибини такомиллаштириш юзасидан тўртта вазирликнинг Қўшма қарори қабул қилинди. Мазкур Қўшма қарор билан ўзан тозалаш ишлари якунланган объектларда лойиҳа мажбуриятларининг бажарилишини жойнинг ўзида ўрганиш орқали участкаларни қабул қилиб олиш тартиби амалиётга жорий этилди.

«Ўзбек космос» агентлиги билан ҳамкорликда сув ҳавзаларини космик мониторинг қилиш тизими жорий этилиб, дарёлар ўзани ва сувни муҳофаза қилиш зоналарида ноқонуний қазиш ҳолатлари контурлари белгилаб олинди.

Вазирлар Маҳкамасининг 666-сонли қарорига асосан Сирдарё вилояти ҳудудидан оқиб ўтган Сирдарё дарёси ўзанида 16 та тадбиркорлик субъекти томонидан дарё ўзанини тозалаш ишлари тартибсиз амалга оширганлиги оқибатида дарё қирғоқлари емирилганлиги ва 4,6 минг метр куб ноқонуний қазиш ишлари олиб борилганлиги аниқланиб, уларга нисбатан табиий объектларга етказилган 7,4 млрд сўм зарарни ундириш чоралари кўрилмоқда.

Жиззах вилоятида Сангзор дарёсининг 6 та нуқтасида бир қатор корхоналар ҳамда бошқа жисмоний шахслар томонидан ноқонуний қазиш бўйича аниқланган ҳолатлар юзасидан прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилди.

Самарқанд вилоятида олиб борилган назорат тадбирларида етказилган зарар суммалари аниқланиб, тўпланган ҳужжатлар вилоят прокуратурасига киритилди. Жумладан, «Самарқанд керамик» МЧЖ томонидан Нуробод тумани Сазағансой сойидан ноқонуний равишда қизил қум аралашмаси қазиб олингани натижасида табиий объектга 1,8 млрд сўм, «Мироншоҳ Миркомил» ХК томонидан Пастдарғом тумани Кимёгарлар қўрғонидан оқиб ўтувчи «Эски Анҳор» канали муҳофаза доирасидан ноқонуний равишда табиий қумни қазиб олганлиги натижасида табиий объектларга 3,6 млрд сўм, Жомбой туманида жойлашган «Олмазор севинч» МЧЖ томонидан ноқонуний тарзда қум шағал аралашмасини қазиб олганлиги натижаси табиатга 4,8 млрд сўм миқдорида зарар етказилган.

Қайд этилишича, 2023 йилнинг 11 ойида жами 58 та жиноят иши бўйича аниқланган. Ушбу ҳолатлар оқибатида табиатга 61,5 млрд сўм зарар етказилгани ҳисобланиб, уларни ундириш чоралари кўрилмоқда.

сенат, қум-шағал

Таъкидланишича, экология органлари томонидан тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари ҳамда экология экспертиза хулосалари талаблари асосида ўзан тозалаш ишлари юритилиши доимий равишда ўрганилмоқда. Жумладан, республика бўйича 311 та тадбиркорлик субъекти жойига чиққан ҳолда мониторинг қилинди.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан 8 км дарё ва сой ўзанлари тозаланиб, 467 минг м3 қум-шағал материаллари ҳисоби юритилди. Фуқаролар томонидан 33 та қоидабузарлик ҳолати содир этилганлиги аниқланиб, 166 млн сўмлик жарималар қўлланилди.

Чирчиқ дарёси ўзанида юзага келган танг экологик аҳволни инобатга олиб, ўзан тозалаш ишларига жалб қилинган 18 та тадбиркорлик субъектининг фаолиятини босқичма-босқич тўхтатиш бўйича чоралар кўрилмоқда. Хусусан, 3 та тадбиркорлик субъекти билан тузилган шартнома бекор қилинди.