Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 99-мактабнинг 8-синф ўқувчиси ток уриши оқибатида вафот этгани ортидан мактаб директори ўринбосари қамоққа олинди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Мактабнинг хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосарига Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми «а» банди (Мансабга совуққонлик билан қараш одам ўлишига сабаб бўлса) ва бошқа моддалари билан айблов эълон қилинган. Унга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, 28 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда ўқувчи мактаб ҳудудида очиқ электр симига тегиб кетиб, электр токи уриши оқибатида вафот этгани ҳақида маълумот тарқалган.

Бироқ пойтахт мактаб таълими бошқармаси болани электр токи урганини рад этиб, ўқувчи ўйин майдончасидан чиқиб кетаётганда ҳушини йўқотгани, кейинроқ касалхонада вафот этганини билдирган.

Кейинроқ Бош прокуратура суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки маълумотларига кўра, ўқувчининг ўлимига электр токи уриши сабаб бўлганини маълум қилган.