Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 99-мактабнинг 8-синф ўқувчиси суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, электр токи уриши оқибатида вафот этган. Бу маълумотни «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов тасдиқлади.

Ўқувчининг ўлимига электр жароҳати, электр токи ёйидан заҳарланиш, ўткир нафас юрак-қон томир етишмовчилиги, бош мия ва ўпка шиши сабаб бўлган. Боланинг чап қўли кафт соҳасида электр токи уриши ҳам аниқланган.

Аввалроқ тармоқларда тошкентлик ўсмир мактаб ҳудудида очиқ электр симига тегиб, электр токи уриши оқибатида вафот этгани ҳақида маълумот тарқалганди.

Бироқ пойтахт Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси электр токи уриши ҳолатини рад этиб, 27 ноябрь куни соат тахминан 18:15 да ўқувчи А.А. таълим муассасаси ҳовлисидаги спорт майдончасидан чиқиб кетаётиб, ҳушини йўқотганини маълум қилган.

Аммо бироз вақт ўтиб, бошқарма ўз хабарини таҳрирлади ва боланинг ўлимига элект токи сабаб бўлмагани, мактаб стадиони ва унинг атрофида электр энергияси узаткичлари борлиги аниқланмагани айтилган қисмини олиб ташлади.

Бошқарма вакилининг «Газета.uz»га маълум қилишича, хабарнинг мазкур қисми раҳбариятнинг «ҳали [маълумот беришга] шошмай туринглар», деган топшириғи туфайли олиб ташланган. Ҳудуддаги камераларни текшириш ишлари кетмоқда.

Ҳозирда ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дея хабар берди Бош прокуратура.