Ўзбекистонда истеъмолчиларга табиий газ тўлиқ етказиб бериляпти, етишмовчиликлар йўқ, деб хабар қилди «Ҳудудгазтаъминот» компанияси.

Ҳароратнинг кескин пасайиши муносабати билан мамлакат бўйича табиий ва суюлтирилган газ истеъмолининг ортиши кузатилмоқда. Истеъмолчилар ўртасида ёнилғини тенг тақсимлаш мақсадида «Ҳудудгазтаъминот» мутахассислари 24 соатлик режимда иш олиб бормоқда ва юзага келган муаммоларни тезкорлик билан бартараф этмоқда, дейилади хабарда.

«Ҳозирги вақтда табиий газ истеъмолчиларига „зангори ёнилғи“ тўлиқ ҳажмда етказиб бериляпти, етишмовчиликлар кузатилмаяпти. Олис ҳудудларга суюлтирилган газ тўлиқ ҳажмда ва маҳаллий ҳокимият томонидан тасдиқланган график асосида етказилмоқда. Ҳудудларда авария ҳолатлари кузатилганда, мутахассислар жойига юборилмоқда ва улар муаммоларни бартараф этишмоқда», — дейилади компания хабарида.

9 декабрь куни аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларга 105 млн куб метр табиий газ етказиб берилган. Бундан ташқари, суюлтирилган газ истеъмолчиларига 2224 тонна ёнилғи етказилган.

«Ҳудудгазтаъминот» муаммоли ҳудудларда газ таъминотини яхшилаш борасидаги ишлар ҳақида ҳам маълумот берди. Хусусан, Тошкент шаҳрининг Юнус Ражабий кўчасидаги муаммолар ўз ечимини топиб, қўшни икки кўча — Яккасарой тумани В.Воҳидова ва Тафаккур кўчаларида газ қувурларидаги носозлик бартараф этилган.

7 декабрь куни сув таъминоти тизими ходимлари авария ҳолатини бартараф этиш жараёнида трактор орқали газ қувурларига шикаст етказган. Оқибатда газ қувурларига сув йиғилган ва учта кўчада газ босими пасайиши кузатилган. Айни вақтда «Ҳудудгаз Пойтахт» газ таъминоти филиали ходимлари томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Тошкент вилояти Пискент тумани «Оқ тепа» МФЙдаги газ қувурларида авария ҳолати кузатилган. Юк автомобили ўрта босимли газ қувурига шикаст етказган, оқибатда 70 та хонадон вақтинча газ таъминотидан узилган. «Ҳудудгаз Тошкент» газ таъминоти филиали мутахассислари авария оқибатларини бартараф этган.

Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида ҳам таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилган.

«Ноқулай об-ҳаво шароитларига қарамай, истеъмолчиларнинг газ таъминотини яхшилаш ишлари давом эттирилмоқда. Мазкур даврда алоҳида маҳалла ва хонадонларда газ етишмовчилигининг олдини олиш мақсадида „Ҳудудгазтаъминот“ АЖ фуқаролардан газ жиҳозларидан фақат бирламчи заруриятлар учун фойдаланишни, уйдан чиқиб кетаётганда имкон қадар иситиш жиҳозларини ўчиришни сўрайди», — дейилади хабарда.

«Ҳудудгазтаъминот» газ таъминоти узлуксиз етказиб берилиши учун тўловларни ўз вақтида тўлашни сўради.

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ тизими мутахассислари барча таклиф, шикоят ва мурожаатларни 1104 телефон рақами орқали, газ сизиб чиқиши, авария ва бошқа техник носозликларни бартараф этиш бўйича мурожаатларни 104 рақами орқали қабул қилади.

Компания об-ҳавонинг совиб кетиши арафасида аҳолини иситиш мосламалари ва газ плиталаридан фойдаланишда эҳтиёт чораларини эслатиб, хоналарни вентиляция қилишда эҳтиёт бўлишга чақирди.

Эслатиб ўтамиз, совуқ ҳаво келиши билан бутун Ўзбекистон бўйлаб газ қуйиш шохобчалари фаолияти чекланган.

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов аввалроқ депутатларга жорий қишда энергетика инқирозининг олдини олиш бўйича қандай чора-тадбирлар кўрилгани, юзага келиши мумкин бўлган газ ва электр қуввати тақчиллиги қайси манбалардан қопланиши ҳақида маълумот берганди.

Унинг сўзларига кўра, ўтган қиш мавсумида газ танқислигининг энг юқори даражаси кунига 21,6 миллион куб метрга етган. 2023 йилда газ танқислигини ўтказиш қуввати 18−20 миллион куб метрдан 35−40 миллион куб метргача кўтарилган газ омборларидан тўлдириш, шунингдек, Uzbekistan GTL синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш мажмуасига газ етказиб беришни кунига 5 миллион куб метрга қисқартириш режалаштирилган.

Зарур бўлганда, айрим газ қуйиш шохобчаларига (АГТКШ) газ таъминоти 30 фоизга қисқартирилади: ҳозирда улар кунига 15 миллион куб метр газ олади, 5 миллион куб метрга чекловлар жорий этилиши мумкин.

Аввалроқ «Ўзтрансгаз», «Худудгазтаъминот», «Ҳудудий электр тармоқлари», «Ўзэнергоинспекция» ва бошқа корхоналар раҳбарлари президентга қиш мавсумига тайёргарлик бўйича ҳисобот берганди. Улар энергия тизими «ҳар қандай об-ҳаво инжиқлиги ва аномал совуққа тайёр»лигини маълум қилган.