Дам олиш кунлари айрим ҳудудларда ёмғир ва қор ёғади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет хизмати агентлиги.

Пайшанба куни кундузи Ўзбекистон ҳудуди бўйича об-ҳаво булутли бўлади, ёғингарчилик бўлмайди. Ҳарорат +8…+13 даража, шимолда 0…+5 даража бўлади.

Жума, 8 декабрь куни республиканинг кўпчилик ҳудудларида ёмғир ёғади, фақат Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Сурхондарё вилоятлари ва Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати кечаси 0…+5 даражагача, кундузи +5…+10 даражагача, шимолда кечаси −2…−7 даражагача, кундузи 0…-2 даражагача пасаяди.

Шанба, 9 декабрь куни ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик фақат Ўзбекистоннинг марказий ва шарқий ҳудудларида сақланиб туради. 8−9 декабрь кунлари тоғли ҳудудларда ёғингарчилик асосан қор шаклида бўлади, баъзи жойларда кучли бўлади. Шамол 15−20 м/с гача кучайиши кутилмоқда.

Якшанба, 10 декабрь куни республиканинг кўпчилик ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида баъзи жойларда бироз қор ёғади. Ҳаво ҳарорати шанба куни кечаси 0…+5 даража, кундузи +3…+8 даража, якшанба куни кечаси -2 даражадан +3 даражагача, кундузи +5…+10 даража атрофида бўлади.

Республика шимолида дам олиш кунлари кечаси −5…−10 даражагача, кундузи 0…-5 даражагача бўлади.

Кейинги ҳафтанинг биринчи ярмида совуқ республиканинг барча ҳудудларини қамраб олади. Ҳаво ҳарорати кечалари −8…−13 даражагача, кундуз кунлари −3…−8 даражагача пасаяди. Республика шимолида ҳарорат кечалари −15…−20 даражагача, кундуз кунлари −7…−12 даражагача пасаяди.

Тошкент шаҳрида 7 ва 10 декабрь кунлари ёғингарчилик кутилмайди, 8 декабрда куннинг иккинчи ярмида ёмғир ёғади, 9 декабрда вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир, қорга айланиши мумкин) бўлади. Ҳарорат 7 декабрда +9…+11 даража, 8−10 декабрда кечаси 0…+5 даража, кундузи +4…+9 даража бўлади.

Аввалроқ агентлик 8−13 декабрь кунлари Тошкент ва Наманган вилоятларининг тоғли ҳудудларида қор кўчиш хавфи эълон қилганди. Шунингдек, 10−12 декабрь кунлари Қамчиқ довонида кучли ёғингарчилик ва туман кузатилиши, автойўлда яхмалак ва қор уюмлари юзага келиши мумкин.