Ўзгидромет хизмати агентлиги директори Шерзод Ҳабибуллаев 8−13 декабрь кунлари содир бўлиши мумкин бўлган қор кўчиш хавфидан огоҳлантирди.

Кутилаётган ёғингарчилик ҳамда ҳаво ҳароратининг кескин ўзгариши сабабли республиканинг тоғли ҳудудларида, жумладан:

  • Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Оҳангарон ва Паркент туманлари (Чотқол тизмасининг тоғлари);
  • Наманган вилоятининг Поп туманида қор кўчиш хавфи эълон қилинади.

10−12 декабрь кунлари А-373 Тошкент — Ўш автойўлининг Қамчиқ довонидан ўтган қисмида қор ёғиши, вақти вақти билан кучли ёғингарчилик ва туман кузатилиши мумккин. Кўринувчанлик 50 метргача пасайиши, шамол тезлиги 17 — 22 метр/секундгача кучайиши натижасида автойўлда яхмалак ва қор уюмлари юзага келиши кутилмоқда, дейилади хабарда.

Тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик чораларини кўришлари сўралди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонга 9 декабрдан Россиянинг шимолий ҳудудларидан жуда совуқ ҳаво массаси кириб келиши хабар қилинганди. Ҳарорат кечалари −17, кундузи -10 даражагача пасайиши, 10−11 декабрь кунлари республика бўйлаб қор ёғиши мумкин.