Давлат солиқ қўмитаси солиқ базасини кенгайтириш ҳамда яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш мақсадида такси ва йўловчи ташиш бозорини тартибга солиш бўйича қандай ишлар амалга оширилаётгани ҳақида маълумот берди.

Аввал хабар қилинганидек, 2023 йилнинг 1 декабридан бошлаб Yandex Go хизмати Ўзбекистонда ўз фаолиятини маҳаллийлаштириб, солиқ резидентига айланганди. Шу билан бирга, мазкур сервис солиқ ахборот тизимлари билан интеграция қилиниши натижасида ҳар бир ташиш хизмати учун фискал чек шакллантириш имконияти яратилди.

1−6 декабрь кунлари давомида 13,5 млрд сўмлик 800 минг 483 та чек шакллантирилган.

Қўмита, шунга қарамай, мазкур соҳада бир қатор ечимини топиши лозим бўлган масалалар сақланиб қолаётганини қайд этган. Хусусан, такси хизматлари (Yandex Go ва бошқалар) учун нақд пул орқали тўлов қилинганда чек берилиши йўлга қўйилмаган. Қўмита бу борада амалиётга татбиқ этиш учун бир нечта ечимлар ишлаб чиққан ва бозор иштирокчиларига таклиф қилган. Яқин кунларда нақд пул орқали тўлов қилинганида ҳам чек берилиши таъминланиши таъкидланган.

Қолган агрегаторларда, хусусан — MyTaxi, Uklon ва бошқаларда ҳалигача фискал чек шакллантирилмаяпти. Лекин бу агрегаторлар билан техник интеграциялаш ишлари якунланган ва яқин кунларда йўловчилар ушбу хизматлардан фойдаланганда ҳам фискал чекларни олишни бошлаши кутилмоқда, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, фақат Тошкентда эмас, республиканинг барча ҳудудларида агрегаторлар ва такси хизматларини фискаллаштириш режалаштирилмоқда.

Бугунги кунгача шакллантирилган 13,5 млрд сўмлик 800 минг 483 та чекнинг 13,4 млрд сўмлик 791 минг 100 таси 232 та юридик шахс (Yandex Go ҳамкорлари ва такси компаниялари), 163,9 млн сўмлик 9 минг 383 таси эса 1 минг 821 нафар ўзини ўзи банд қилган шахс ҳиссасига тўғри келади.

Қўмита ташиш хизмати ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчи томонидан кўрсатилган бўлса ҳам, ташишнинг барча суммаси таксопарк (ҳамкор) айланмасида акс этиш ҳолатларини кузатишини қайд этган. Мазкур йўналишда агрегаторлар билан биргаликда таксопарклар ва ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчилар ўртасида солиқ тўловчининг шахсий кабинетида комиссионер ва комитентни тўғри белгилаш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилаётгани айтилган.

Шунингдек, ушбу соҳада ўзини ўзи банд қилган фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида мазкур функцияни Soliq мобил иловасига қўшиш орқали соддалаштириш бўйича ишлар олиб борилаётгани таъкидланган.

Маълумот учун, юридик шахслар ўзларининг шахсий кабинетида фискал чекларни таҳрирлаш механизмидан фойдаланиши мумкин. Шунингдек, Солиқ кодексининг 369-моддаси 9-бандига мувофиқ, ўзини ўзи банд қилган шахслар барча турдаги солиқлардан озод этилган.

«Такси фаолиятидан расмий даромад шакллантириш имкониятининг пайдо бўлгани ўзини ўзи банд қилган шахслар учун алоҳида бир қатор афзалликларни келтириб чиқаради. Жумладан, даромад тўғрисидаги маълумотлар кейинчалик уларга бошқа иқтисодий ҳаракатлар бўйича (ипотека, истеъмол кредитлари, товарларни бўлиб-бўлиб тўлаш ва ҳоказо) имкониятларини кенгайтиради. Бу ўз навбатида аҳолининг иқтисодий фаоллиги ошишига хизмат қилади», — дея қайд этган қўмита.

Давлат солиқ қўмитаси такси хизматини кўрсатишда агрегаторлар ва уларнинг ҳамкорларининг бизнес жараёнларини мониторинг қилиб бораётгани ва аниқ ечимларни таклиф этишини қўшимча қилган. Шу билан бирга, қўмита йўловчи ташиш бозорида, турли баҳолашларга асосан 500 мингдан 1 млн нафаргача фуқаро тўлиқ ёки қисман бандлигини, шунингдек, таксиларнинг кундалик логистика ва ҳаракатланишдаги аҳамияти катта эканини ҳисобга олиб, мазкур соҳадаги муносабатларни автоматлаштириш ва фискаллаштириш жараёнини босқичма-босқич ва эҳтиёткорлик билан амалга ошириш зарур, деб ҳисоблашини қайд этган.

«Бунда солиқ қонунчилигига риоя этилиши, солиқларнинг тўғри ҳисобланиши ва ўз вақтида тўланиши устидан назорат ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига солиқларнинг тўлиқ тушишини таъминлаш солиқ органларининг асосий вазифалари бўлиб қолади», — дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Yandex Go хизмати Ўзбекистонга тўлайдиган ҚҚС сабаб таксопарклар учун комиссия миқдорини оширганини тасдиқлаганди. Шу билан бирга, хизмат вакиллари таксопарклар ўз комиссиясини камайтириши мумкинлигини таъкидлаганди. Айрим таксопарклар буни тасдиқлаган.