1 декабрдан бошлаб Yandex Go хизмати Ўзбекистон ҳудудида солиқ резиденти — «YandexGo UB» МЧЖ юридик шахс томонидан тақдим этилади, дея хабар бермоқда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати.

«Шу кундан бошлаб Yandex Go хизмати ўз ҳисоб-китобларини Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талаблари асосида юритади, бирламчи ҳужжатларни ва солиқ ҳисоботларини тақдим этади ҳамда белгиланган солиқларни тўлайди. Бу ҳақда Ridetech International B.V. Солиқ қўмитасини расмий хат орқали хабардор қилди», — дейилади қўмита хабарида.

Шунингдек, Yandex Go хизматини фискал маълумотлар оператори билан интеграциялаш бўйича ишлар якунланган. Айни вақтда ўзини ўзи банд қилган шахслар ва юридик шахслар мазкур сервис ёрдамида ташиш хизматини кўрсатганда мижозларга фискал чек бериш масаласи кўриб чиқилаётгани айтилган. Шу тариқа, Yandex Go ўз фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш бўйича Солиқ қўмитаси томонидан қўйилган талабларни бажармоқда.

Шунингдек, MyTaxi ва Uklon хизматларининг фискал маълумотлар оператори билан интеграциялаш ишлари ҳам якунланган. Яқин кунларда улар орқали кўрсатилган ташиш хизматлари учун ҳам тўловлар фискаллаштирилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида Ўзбекистон Солиқ қўмитаси Нидерландияда рўйхатдан ўтган, Yandex Go хизматларини тақдим этувчи Ridetech International компаниясидан Ўзбекистон солиқ резиденти бўлишини талаб қилганди. Бундан ташқари, компания солиқ органларининг ахборот тизими билан интеграцияни таъминлаши ва мижозларга автоматик тарзда шакллантириладиган фискал квитанцияни тақдим этиши керак эди. Талаблар бажарилмаса, платформа блокланиши ҳақида огоҳлантирилган.

Солиқ қўмитасининг ушбу баёноти эълон қилинган куниёқ Yandex Go компания Ўзбекистоннинг солиқ резиденти бўлишини ва 1 декабрдан кейин фаолиятини давом эттиришини эълон қилган.