АҚШнинг Time журнали Украина президенти Владимир Зеленскийни 2022 йил якунларига кўра, «Йил одами» деб эълон қилди.

Фото: Time журналининг декабрга аталган сони муқоваси / Нил Жеймисон яратган иллюстрация

Журналнинг ушбу сони муқовасида «Йил одами. Владимир Зеленский ва Украина руҳи» деб ёзилган.

«Зеленскийнинг уруш давридаги раҳбар сифатидаги муваффақияти шундаки, у жасорат ҳам юқумли бўлиши мумкинлигини кўрсатди», — деб ёзади Саймон Шустер. «Унинг саҳнадаги актёрлик ҳаётидан мерос бўлиб қолган профессионал инстинктлари унинг оломонни ўқий олиши, уларнинг кайфияти ва умидларига жавоб бера олди. Энди уни бутун дунё томоша қилаяпти. У сабабли унинг украиналик ватандошларига ҳам жасорат юқди. Кўп украиналиклар ўз жонларини сақлаб қолиш ўрнига, қўлларига қурол ушлашди, ўз шаҳарлари ва қишлоқларини танклар ва вертолётлар билан қуролланган босқинчи кучлардан ҳимоя қилиш учун югуришди», — дейилади Time журналида эълон қилинган мақолада.

Маълумот учун, Time 1927 йилдан бери йилнинг энг нуфузли шахсини танлаб келмоқда. 2021 йилда бундай номга миллиардер Илон Маск лойиқ кўрилган.

Йил қаҳрамонлари

Time журнали 2022 йил якунларига кўра эронлик аёлларни «Йил қаҳрамонлари» деб эълон қилди. Журналнинг сўнгги сони муқовасида «Озодлик учун курашган эронлик аёллар» деб ёзилган.

«Бу ёш аёллар ҳозир кўчаларга чиқишган. Улар оёққа турғазган ҳаракат таълимга оид, либерал, дунёвий кўринишларда, юқори умидлар билан кўтарилган ва улар нормал ҳаётга умид қилишмқода: улар чет элга саёҳат қилиш, муносиб иш жойларида ишлаш, қонун устуворлиги, Apple Store’дан фойдаланишга руҳсат, сиёсатдаги муҳим ролга эга бўлиш, гапириш ва кийиниш эркинлиги каби ҳуқуқлар учун курашишмоқда. Улар ўзларидан олдинги авлодга ўхшамайдилар», — деб ёзилган эронлик аёллар ҳақида эълон қилинган мақолада.

Маълумот учун, 22 ёшли Маҳса Амини метро бекатида «шариат қоидаларига асосан кийиниш талабларига амал қилмаганлик» учун аҳлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинган ва полиция маҳкамасида вафот этган. Баъзи манбаларга кўра, у аҳлоқ полицияси томонидан қийноққа солинган ва шунинг оқибатида ҳалоқ бўлган. Ушбу воқеадан сўнг кўплаб эронлик аёллар тинч намойишлар ўтказиш учун кўчага чиқишди.

«Ушбу мақола ёзилаётган вақтда 400 га яқин эронлик намойишчилар хавфсизлик кучлари томонидан ўлдирилган, гарчи баъзи инсон ҳуқуқлари гуруҳлари бу рақамни юқорироқ деб ҳисобласалар ҳам, суд ҳокимияти ҳибсга олинганларнинг баъзилари учун қаттиқ жазо талаб қилмоқда», — дейилади Time журналида эълон қилинган мақолада. «Интернетни блоклаш чораларига қарамай, қамоқхоналарда ўлим ҳолатлари ва шафқатсиз тарзда муносабат қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Тахминан уч ой ўтгач, коллежлар кампусларида намойишлар тўхтовсиз давом этмоқда, талабалар ҳибсга олинган дўстларини озод қилишни талаб қилишмоқда ва майдонлар, синфларда жинсга қараб ажратиш қоидаларига қарши чиқишмоқда», — деб ёзади Time.

Футбол бўйича Жаҳон чемпионатида Эрон терма жамоаси давлат мадҳияси янграётганда жим туриб, намойишчилар билан бирдамлигини намойиш этди.

Маълумот учун, 2021 йилда Time журнали COVID’га қарши вакцина ишлаб чиққан кашфиётчи-олимларни «Йил қаҳрамонлари» деб эълон қилган эди.