Ўзбекистон Конституциявий судининг 5 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишида мамлакатда конституциявий қонунийликка доир айрим масалалар муҳокама қилинди.

Янгиланган Конституция тегишли қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларнинг қабул қилиниши ва мавжудлигидан қатъи назар, бевосита қўлланади. Хусусан, асосий қонун бўйича референдум ўтказилган май ойидан буён судлар томонидан 21 мингдан ортиқ жиноят, маъмурий, иқтисодий ва фуқаровий ишлар бўйича Конституция моддалари бевосита қўлланган.

Йиғилишда таъкидланганидек, 2022−2023 йилларда Конституциявий суд томонидан 119 та қонун ва 1384 та бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича мурожаатлар ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилган.

Конституциявий суд болаларни турли кўринишдаги зўравонликлардан ҳимоя қилиш, бу борада ота-оналар, таълим муассасалари, бошқа мутасадди идоралар масъулиятини ошириш, тегишли қонунчилик ҳужжатларини янада такомиллаштириш кераклигига эътибор қаратди.

«Мулк ҳуқуқи кафолатларига риоя этмаслик ҳолатлари сезиларли камайган бўлса-да, ҳали бу соҳада муаммолар сақланиб қолаётганини инобатга олиб, маҳаллий давлат ҳокимиятининг ушбу масалаларда ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг мулк ҳуқуқи бузилиши ҳолатига мутлақо тоқатсиз муносабатини шакллантириш, бу борада профилактик чораларни кучайтириш зарур», — дейилади хабарда.

Баъзи ҳудудларда тадбиркор ўз маҳсулотини вилоят ҳудудидан эркин олиб чиқиб кетишда тўсқинликларга учраши ҳолатларини эътиборга олиб, барча масъуллардан товар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши бўйича конституциявий кафолатларга сўзсиз риоя этиш талаб қилинади, дея таъкидлади Конституциявий суд.

Суд ҳар қандай ҳуқуқий таъсир чораси асосланган, адолатли, зарур ва ўз мақсадига эришиш учун етарли ҳажмда бўлиши ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини асоссиз, яъни таъсир чораси мақсадига эришиш мумкин бўлган меъёрдан ортиқча даражада чекламаслиги лозимлигини қайд этди.

Айрим жиноий ва маъмурий жазо чораларини, молиявий санкциялар, неустойка (пеня, жарима) ҳамда бошқа ҳуқуқий таъсир чораларини қайта кўриб чиқишн таклиф этилмоқда.

Конституциявий суд вилоят, туман (шаҳар) судьяларининг тегишли халқ депутатлари кенгашлари олдида ахборот бериш амалиёти судьянинг мустақиллиги ва холислигига рахна солиши мумкинлигини инобатга олиб, ваколатли давлат органларини ушбу тартибни бекор қилишга чақирди. Бу таклиф президентликка номзод Робахон Маҳмудованинг дастурида ҳам бор эди.

Бундан ташқари, Конституциявий суд маҳкумни енгилроқ жазога алмаштиришнинг зарурий шарти сифатида жиноятларнинг айрим турлари, биринчи навбатда, фирибгарлик туфайли жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш талабларини киритишни таклиф қилди.

Суд аъзолари, шунингдек, дунёвий давлатни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлади. Улар буни «умуммиллий қадрият сифатида қонун даражасида қабул қилиш»ни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди.

Олий Мажлис палаталари ва президентга мамлакатдаги конституциявий қонунийлик ҳолати тўғрисидаги маълумотлар юбориладиган бўлди.