Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 май куни Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонни имзолади.

Ҳужжатда Конституциянинг янги таҳрири амалиётга татбиқ этилгунга қадар ва қонун ҳужжатларининг бир-бирига зид бўлган нормалари бекор қилинмагунча ҳал этилишини кечиктириб бўлмайдиган бир қатор вазифалар назарда тутилган.

Аввалроқ мазкур фармон билан тўлов хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмалари (p2p) амалга оширилганда, уларга кўрсатилган хизматлар учун электрон ҳисобварақ-фактуралар тақдим этиш ва расмийлаштириш тартиби бекор қилингани ҳақида хабар берган эдик.

Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда 2011 йилда қабул қилинган «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ўз кучини йўқотган деб топиш бўйича қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш топширилди. Фармонда қайд этилишича, мазкур қарор янги таҳрирдаги Конституциянинг 32-моддасида белгиланган мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқи тўлиқ рўёбга чиқарилишини таъминлаш мақсадида қабул қилинмоқда.

Шу билан бирга, Ички ишлар вазирлиги бир ой муддатда фуқароларни яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда хабардор қилиш тартибини жорий этишга қаратилган мутлақо янги механизмларни назарда тутувчи президенти Фармони лойиҳасини тақдим қилиши лозим.

Бундан ташқари, Янги таҳрирдаги Конституциянинг 41, 65−67-моддалари талабларидан келиб чиқиб, 1 июндан чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг фаолият кўрсатиш вақтига нисбатан чекловлар бекор қилинмоқда.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 55-моддасида белгиланган ҳар бир шахснинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқи кафолатларини янада кучайтириш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб, маъмурий судларга шикоят қилишда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларидан давлат божини ундирмаслик, бунда давлат божини ишни кўриб чиқиш натижаси бўйича айбдор тарафдан ундириш тартиби жорий этилади.

Икки ой муддатда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликда шартномавий ва бошқа фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган жавобгарлик чораларини бекор қилиш топширилди.

Фуқароларнинг янги таҳрирдаги Конституциянинг 50-моддасида белгиланган таълим олиш ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш мақсадида 2023 йил 1 августдан бошлаб солиқ тўловчилар томонидан ёшидан қатъи назар фарзандларининг Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларида таълим олишлари учун йўналтириладиган тўловлар солиқ солинмайдиган даромадлар тоифасига киритилади.

Икки ой муддатда янги таҳрирдаги Конституциянинг 29-моддасида белгиланган давлатнинг ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитларни яратиш мажбурияти тўлиқ рўёбга чиқарилишини таъминлашга қаратилган механизмларни назарда тутувчи президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланди.

Фармон билан инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги кафолатларини янада мустаҳкамлаш (26-модда) мақсадида 1 августга қадар қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашда шахсни ҳибсхонага жойлаштиришдан олдин мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш тартибини жорий этиш бўйича асослантирилган таклифларни киритиш топширилди.

Адвокатура соҳасига ёш кадрларни фаол жалб қилиш мақсадида 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб олий таълим ташкилотлари юриспруденция йўналишида таҳсил олаётган битирувчи курс талабаларига адвокатлик тузилмаларида меҳнат қонунчилигига мувофиқ ўқишдан бўш вақтда адвокат ёрдамчиси сифатида иш фаолиятини олиб боришга рухсат этилмоқда.

1 сентябрдан бошлаб республика фуқароси ҳисобланган ва 18 ёшгача бўлган болаларнинг маданий мерос объектларига, жумладан кўргазмалар, тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар, шунингдек, давлат музейларига тўловсиз кириш тартиби жорий этилмоқда.

Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири 1 майдан кучга кирди. Уч ой муддатда Конституцияда мустаҳкамланган «Давлатнинг ижтимоий-иқтисодий мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш чора-тадбирлари дастури» тасдиқланиши лозим.