Самарқанд вилоятида «Долзарб 40 кунлик» махсус профилактик тадбирлари доирасида 47 киши жиноий гуруҳга аъзоликда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар бермоқда.

Рейд тадбирлари махсус хизмат ва ҳуқуқ-тартибот идоралар томонидан ўтказилмоқда. Ушланган 47 кишининг 6 нафарига нисбатан жиноят иши қўзғатилди, 25 нафари маъмурий тартибда қамоққа олинди.

Рейд тадбирлари давомида ушбу шахслардан гиёҳвандлик ва психотроп воситалар, совуқ қуроллар (кастет, бита) процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинди дейилади хабарда.

Бундай тадбирлар бошқа ҳудудларда ҳам ўтказилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳри ва Хоразм вилоятида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар ва безориликда гумонланиб 19 нафар шахс қўлга олинган. Андижонда эса уч нафар шахс жиноят олами вакили сифатида ушланган.

Фарғона вилоятида ҳам жиноий гуруҳга аъзо сифатида кўрилаётган 22 киши қўлга олинган. Улар орасида ММА жангчиси ҳам бор.