Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) бошқарувчилари кенгаши Ўзбекистонда бешта янги миллий лойиҳани амалга ошириш бўйича техник ҳамкорлик дастурини тасдиқлади, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Улардан учтаси атом саноати инфратузилмасини ривожлантириш бўйича миллий салоҳиятни ошириш, атом энергетикасини самарали тартибга солиш ва назорат қилиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, шунингдек, ядровий хавфсизлик, Ўзбекистон тадқиқот ядро реакторининг фойдаланиш кўрсаткичларини ошириш ва самарали фойдаланишга қаратилган.

Тўртинчи лойиҳа сув ресурслари ва барқарор изотоплардан фойдаланган ҳолда ифлосланиш манбаларини мониторинг қилиш учун барқарор изотоп лабораториясини ташкил этишни назарда тутади. У Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлиги томонидан амалга оширилади.

«Саратонни даволашда радиациявий тиббиётни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш» деб номланган бешинчи лойиҳа Ўзбекистонда юқори сифатли нур терапияси, диагностик радиология ва бошқа ядро тиббиёти технологияларини жорий этиш орқали саратон касаллигидан ўлим даражасини камайтиришни назарда тутади.

Лойиҳадан тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш, саратоннинг турли турларини ташхислаш ва даволаш бўйича миллий тавсияларни ишлаб чиқиш, тиббиёт ходимларини кенг қамровли тайёрлаш мақсад қилинган.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасида ядро тиббиёти соҳасида стратегик шериклик, 2023−2024 йилларда кадастр баҳолаш тизимини яратишда Ўзбекистон томонига текин техник ёрдам кўрсатиш, Россияга пахта ип-калавасини етказиб бериш тўғрисидаги ҳужжатлар имзоланганди.

2022 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги «медгородок»да барпо этилаётган янги онкология мажмуасида илк бор ядро тиббиёти бўлимини ташкил этиш режалари эълон қилинган.