Ўзбекистон ва Россия ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссия йиғилиши якунлари бўйича қатор ҳужжатлар имзоланди, дея хабар қилди Россия ҳукумати матбуот хизмати.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва «Росатом» атом энергияси давлат корпорацияси ўртасида ядро тиббиёти соҳасида стратегик шериклик тўғрисидаги англашув меморандуми, шунингдек, Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университетининг Тошкент филиали фаолиятини тўлақонли йўлга қўйиш бўйича ҳамкорликдаги ишларни тезлаштириш юзасидан чора-тадбирлар режаси имзоланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда РФ Давлат рўйхатидан ўтказиш, кадастр ва картография федерал хизмати ўртасида 2023−2024 йилларда давлат кадастр баҳолаш тизимини яратишда Россия томонидан Ўзбекистонга бепул техник ёрдам кўрсатиш тўғрисида келишув имзоланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда РФ Саноат ва савдо вазирлиги ўртасида Россияга ип-калава етказиб бериш бўйича шартнома тузилди.

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов комиссия йиғилишида сўзлаган нутқида: «РФ Ўзбекистоннинг асосий ташқи иқтисодий ҳамкори бўлган ва шундай бўлиб қолади», — дея алоҳида таъкидлади. Сўнгги беш йил ичида ҳар икки давлат ўзаро савдо айланмасини йилига ўртача 20 фоизга оширди.

«Ишончимиз комилки, бу йил биз давлат раҳбарлари томонидан қўйилган товар айирбошлаш ҳажмини 10 млрд доллар эквивалентига етказиш бўйича вазифани бажара оламиз», — деди у. Унинг фикрича, бунинг учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва савдо тўсиқларини бартараф этиш бўйича ҳамкорликни давом эттириш муҳим.

Ўзбекистон бош вазирининг сўзларига кўра, Россиянинг республика иқтисодиётига киритаётган сармояси ҳажми ҳам ошиб бормоқда. Хусусан, сўнгги уч йилда Ўзбекистонда Россия капитали иштирокидаги корхоналар сони икки баравар кўпайиб, уларнинг сони 3 мингтага етди.

Абдулла Ариповнинг қўшимча қилишича, айни пайтда Ўзбекистоннинг манфаатдор идоралари ва тадбиркорлари Россия компаниялари билан янги сармоя пакетини шакллантириш устида ишламоқда.