Жиззах шаҳрида «Жигули» бошқарувни йўқотиб, йўлнинг четида тўхтаб турган 5 та автомобилга бориб урилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар қилди.

Воқеа 2023 йилнинг 1 декабрь куни соат 13:30 атрофида «Шодлик» МФЙ ҳудудидан ўтган 4Р36 «Жиззах- Янги қишлоқ- Қизилча» автомобиль йўлининг 2-километрида содир бўлган.

Қайд этилишича, «Жигули» ҳайдовчиси автомобилни «Фориш-Жиззах» йўналиши бўйлаб бошқариб бораётиб, бошқарувни йўқотган. Оқибатда йўналиши бўйлаб ўнг томонда, овқатланиш шохобчаси ёнида турган 5 та автомобилга бориб урилган.

Ушбу ЙТҲ оқибатида «ВАЗ-2107» ҳайдовчиси бош мия жароҳати билан Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Жиззах вилояти филиалининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Ушбу транспорт воситасида бўлган икки нафар йўловчига тез тиббий ёрдам кўрсатилган.

Шунингдек, 5 та автомобилга моддий зарар етказилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиззах шаҳар ИИБ тергов бўлими томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.