Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри ички ишлар бўлими ҳибсхонасида фуқаро ўз жонига қасд қилди, дея хабар бермоқда вилоят ИИББ матбуот хизмати.

Қайд этилишича, 22 ёшли йигит A.Ў. Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «в» банди (Ўғрилик, кўп миқдорда) ва 168-моддаси 3-қисми «б» банди (Фирибгарлик, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан) билан қўзғатилган жиноят ишида айбланган.

Тергов давомида A.Ў. муқаддам ҳам Жиноят кодексининг 164-моддаси 2 қисми «а» банди (Босқинчилик, қурол ёки қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа нарсаларни ишлатиб) билан судлангани инобатга олинган. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

«1 декабрь куни соат тунги 02:30 атрофида жиноят иши доирасида ҳибсхонада сақланаётган A.Ў. камерадаги ёпинчиқ чойшабдан сиртмоқ ясаб, камера ойначасининг темир панжарасига боғлаган ҳолда ўз жонига қасд қилган», — дейилади хабарда.

Суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳумнинг ўлими бўйин қисми сиртмоқ билан сиқилиши натижасида келиб чиққан механик асфиксия оқибатида юз бергани аниқланган.

Бироқ депутат Жаҳонгир Туляганов йигитнинг ўзини осгани айтилган бўлсада, унинг бурни сингани ҳамда коши ёрилган холатлари мавжудлиги ҳақида ёзган.

«ИИБга олиб кириб кетилган ҳар бир фуқаронинг хавфсизлигига қонунда ИИБ ҳодимлари масъул эканлигини унутмаслигимиз керак», — деди у.

Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизмати мазкур ҳолат назоратга олиниб, ишга тааллуқли маълумотлар сўраб олингани ва ишга оид ҳужжатлар ўрганилаётганини маълум қилди.

Омбудсман юқорида қайд этилган хабарлар юзасидан текширув ҳар томонлама, тўлиқ ва қонуний ўтказилишини назорат қилади.

Ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан терговга кадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда ва марҳумга суд-экспертизаси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Тошкент вилоятининг Бўка туманида фуқаро ИИБ ходимларининг ноқонуний сўроқ қилиши ва жароҳат етказиши оқибатида вафот этганди. Воқеага сабабчи 2 ходим ҳибсга олинган, туман ИИБ раҳбарияти эса ишдан бўшатилган.

2022 йилнинг ноябрь ойида Қўқондаги ИИБ бўлимига жойлаштирилган 15 ёшли ўсмирнинг ўлимидан сўнгпублицист ва блогер Шокир Шарипов Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов истеъфосини талаб қилиб, пойтахтда бир кишилик пикет уюштирганди. Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Ички ишлар вазирлигида жиддий ислоҳотлар амалга оширилмаган, одамлар ИИБ бўлимлари биноларида ҳалок бўлишда давом этмоқда.