Публицист ва блогер Шокир Шарипов Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов истеъфосини талаб қилиб, 22 ноябрь куни пойтахтдаги Гагарин ҳайкали олдида бир кишилик пикет уюштирди. У Қўқон шаҳар ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида 15 ёшли боланинг уриб ўлдирилиши сабаб пикет ўтказишга қарор қилганини айтмоқда.

«Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов билан суҳбатлашган Шокир Шариповнинг айтишича, айни пайтда ички ишлар тизимида ҳақиқий ислоҳотлар амалга оширилгани йўқ, аксинча, аҳолининг соҳага нисбатан норозилиги тобора кучайиб бормоқда.

«Шавкат Мирзиёев иқтидорга келган пайтда унинг самимиятини кўргандан кейин бир қанча орзуларга берилдим. Мамлакатда бир қатор ислоҳотлар амалга оширилишига ишонч туғилди. Шу жумладан, ички ишлар тизими ҳам ислоҳ бўлади, бошқача [ижобий] манзара юзага келади, деган умид пайдо бўлди. Чунки Грузия ва бошқа бир қанча собиқ совет мамлакатларида қилинган ислоҳотлар қандай натижа берганини, полицияга нисбатан одамларнинг муносабати қай даражада ўзгарганини, фуқаролар ички ишлар ходимини дўст деб билиши, уни кўрганида хурсанд бўлишидан яхши хабардорман. Ўзбекистонда ҳам шундай манзара пайдо бўлишини орзу қилдим ва буни роса кутдим. Тўғри, соҳада бир қатор ишлар қилиняпти. Лекин том маънодаги ислоҳотларни кўрмаяпмиз, ислоҳотлар депсиниб турибди», — деди у.

Шариповнинг таъкидлашича, у фуқаро сифатида тизимдан норози бўлиб, пикет ўтказишга қарор қилган.

«ИИБ биноларидан фуқароларнинг мурдалари чиқаётгани, ички ишлар ходимларининг одамларга куч ишлатиб, қийнаётгани ёки ураётгани ва шу каби ҳолатлар тўғрисидаги хабарларни ҳар сафар ўқисам, менда ички исён, норозилик кучайиб боради. Энг ачинарлиси, бундай воқеаларга нисбатан вазирлик муносабати мени ҳам таажжубга солади, ҳам ғазаблантиради. Айниқса, Қўқондаги ИИБ биносидан 15 ёшли боланинг ўлиги чиққани мени қаттиқ таъсирлантирди. Марҳумнинг ота-онаси, яқинларини қандай ҳолатга тушганини ўзимда ҳис қилиб кўрдим. Баъзан томоғимдан овқат ҳам ўтмади. Виждоним яна-да қийнади, ўзим билан ўзим олишдим. Ичимдаги исён фуқаро сифатида ички ишлар вазири истеъфосини талаб қилиб, пикет ўтказишимга мажбур қилди», — деди Шокир Шарипов.

Унинг қайд этишича, 15 яшар боланинг ўлимидан кейин ички ишлар вазири халқ олдига чиқиб, соҳани ислоҳ қилолмаётганини тан олиб, узр сўраши ва истеъфога чиқиши керак эди. Лекин бундай қилиш унинг қўлидан келмади.

«Бир нарсага хайрон қоламан. Нима учун Ўзбекистондаги амалдорларнинг эмпатияси — ўзини бировнинг ўрнига қўйиб, унинг ички ҳолатини ҳис қилиб кўриш кўникмаси йўқ? Аслида бундай лавозимларда эмпатияси кучли, жамиятнинг энг яхши инсонлари ишлаши керак», — деди публицист.

Шокир Шариповнинг сўзларига кўра, ИИБ биноларида фуқароларнинг ўлаётгани билан боғлиқ ҳолатлар Пўлат Бобожоновни безовта қилмаётгани жуда ёмон сигнал.

«Нормал амалдор тизимда бўлаётган даҳшатли ўлим воқеаларидан кейин ўзи омма олдида узр сўраб, лавозимидан кетиши керак. У тизимдан кетмаяптими, демак, бутун жамият касал бўлган. Фуқароларнинг ИИБ биноларида ўлаётгани вазирни безовта қилмаётгани бу — жуда ёмон сигнал. Бу сигнал тагида узун занжир ётибди. Вазир ўзини шундай тутяптими, демак, халққа нисбатан муносабати шунга яраша. Модомики, у халққа шундай муносабат қиляптими, демак, унинг атрофидаги муҳит шунақа. Шундай муҳит шаклланган бўлса, бу кулфатлардан даракдир. Фуқаролар мурдаси чиқяпти, аммо тизим раҳбариятининг юзида мотамни кўрмаяпмиз. Бу эса жуда хавфли тенденция. Одамларда давлатга нисбатан ишонч йўқолганидан кейин бунинг оқибати яхши бўлмайди. Агар жамият ҳам бундай ҳолатларга бефарқ бўлса, эртага ҳар биримиз ўзимиз ёки бирор яқинимизда шундай воқеалар юз бериши мумкин», — деди блогер.

Шокир Шарипов тизимдан норозилар кўп бўлса-да, аммо нима учун вазирга қаттиқ жазо кўрилмаётгани ёки ишдан олинмаётгани борасида ҳам ўз фикрларини билдирди.

«Ички ишлар тизимида бўлаётган воқеалардан кейин ҳам Пўлат Бобожоновга нисбатан ишонч билдирилаётган бўлса, давлат тепасида турган барча раҳбарларга нисбатан фуқароларда жуда ёмон гумонлар уйғониб, шаклланиб боряпти. Давлатнинг устида турганлар халқни бир тийинга олмайди, деган хулосалар мантиқан келиб чиқяпти. Модомики, бу вазир ишдан олинмаяптими, тепада қарор қабул қилувчи раҳбарларда „халқ бу — бир пода, улар норози бўлса бўлаверсин, ислоҳотлар аста-секин бўлаверади“, мазмунида кайфият пайдо бўлган экан-да, деган хулоса келиб чиқади. Омма аниқ бир нарсани билмагани ёки вазирга нисбатан нормал жазо қўлланилмаётгани учун ҳам мантиқий хулосалар шаклланиб боради», — деди у.

Унинг таъкидлашича, ички ишлар вазири истеъфога чиқиб, янги раҳбар келса, тизим бирданига ўзгариб қолмайди. Бироқ, соҳада жиддий ислоҳотлар ўтказиш зарурлигини барча англаб етиши керак.

«Ҳаммамиз [ҳукумат ҳам, аҳоли ҳам] тушуниб етишимиз керакки, бу тизим ислоҳ бўлиши шарт ва бу соҳа ҳам давлатнинг бир юзи ҳисобланади. Амалдаги ички ишлар вазири лавозимидан кетиб, ўрнига бошқаси келса, тизим бирданига ўзгариб қолмайди. Аммо биз бу тизимнинг қанчалик жиддий ислоҳотга муҳтожлиги ва тезроқ ўзгаришлар қилишимиз зарурлигини тушуниб етсак, ислоҳот хамиртуруши пайдо бўлади. Шундан сўнг қайси ишларни қандай бажариш, бу лавозимга қайси муносиб кадрни ўтказиш борасида аниқ қарорга келиш мумкин», — деди Шокир Шарипов.

Шокир Шарипов Би-би-си Ўзбек хизматига берган интервьюсида, журналист ва блогерлар бетонга гапираётгандек бўлиб қолаётгани, улар вазирлик томонидан натижа бўлмаётгани учун маънан чарчаётганини айтган.

«Ички ишлар вазирлигидан муносабат билдириш сўралганида, ИИБ биноларида бундай ҳолатлар бўлиб туради, деган мазмунда муносабат билдирилади. Ички ишлар ходимларини оқлаш ҳолатлари бўлади. „Ҳақиқатан нотўғри ҳаракат бўлибди, биз бундай ҳолатлардан таажжубдамиз, ходимларга чора кўрамиз“, дейиш йўқ. Журналистлар бетонга мурожаат қилаётгандек бўлиб қоляпти. Натижа бўлмаётгани учун маънан чарчашяпти», — деган у.

Шокир Шариповнинг Би-би-сига берган интервьюсидан кўп ўтмай, 23 ноябрь куни ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов вазирлик очиқ мулоқотга тайёрлигини таъкидлади: «Би-би-си мухбири томонидан жамоатчилик фаоли Шокир Шарипов билан ташкил этилган интервьюдаги барча савол ва таклифлари юзасидан Ички ишлар вазирлиги очиқ мулоқотга тайёр эканлигини маълум қиламиз».