Тошкент вилояти Бўка туманида 36 ёшли фуқаро ИИБ ходимларининг ноқонуний сўроқ қилиши ва жароҳат етказиши оқибатида вафот этди, ходимларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди, дея хабар бермоқда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

4 июнь куни туман ҳудудида бир қатор ўғрилик жиноятларини содир этишда гумонланиб, Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми билан қўзғатилган жиноят иши доирасида терговга жалб этилган, Юқори Чирчиқ туманида яшовчи 36 ёшли У.С. сўроқ қилинган. Жараён унинг ҳимоячиси Х.Юлдашева иштирокида туман ИИБ тергов хонасида видеоёзувга тўлиқ ёзиб олинган ҳолда амалга оширилган.

Гумонланувчи У.С. соат 19:00 да Жиноят процессуал кодексининг 227-моддаси билан процессуал тартибда ушланган ва туман ИИБдаги фуқароларни вақтинча сақлаш хонасига жойлаштирилган.

Шу куни соат 23:30 атрофида гумонланувчи У.С.нинг соғлиғи ёмонлашгани сабабли тез-тиббий ёрдам хизмати чақиртирилган. Шифокорлар томонидан кўрсатилган муолажаларга қарамасдан, у касалхонада вафот этган.

Ҳолат юзасидан ички ишлар вазири ўринбосари Яхёжон Абдулхаков, ИИВ Шахсий хавфсизлик хизмати ҳамда вилоят прокуратураси ходимларидан иборат ишчи гуруҳ воқеа жойига чиқиб вазият ўрганилган. Воқеа жойи кўздан кечирилиб, ишга алоқадор ходимларнинг кўрсатмалари олинган.

Маълум бўлишича, гумонланувчи У.С. Жиноят қидирув бўлимининг тезкор ходимлари томонидан процессуал тартиб бузилган тарзда махсус сўров хонасига эмас, балки хизмат хонасига олиб чиқилиб, у билан бошқа жиноятга алоқадорлиги бўйича суриштирув ўтказилган. Жараёнда фуқаронинг соғлиғи ёмонлашиб, кейинчалик ўлим юз берган.

Тайинланган бирламчи суд-тиббий экспертизаси ташхисига кўра У.С.нинг танасида жароҳатлар борлиги аниқланган. Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 235-моддаси (Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходим Ж.Д. ва Ғ.Ш. ҳибсга олинган ва ички ишлар органлари тизимидан бўшатилган.

«Холис тергов ва текширувни таъминлаш мақсадида» ички ишлар вазирининг буйруғи билан хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган Бўка тумани ИИБ бошлиғи А.Бабаханов, унинг биринчи ўринбосари В.Худайқулов, жиноят қидирув бўлими раҳбари Ж.Субанов, тергов бўлими бошлиғи Ж.Ачилов, шунингдек, навбатчилик қисми масъули Ш. Ибрагимов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Шунингдек, вазирликнинг марказий аппарати ҳамда Тошкент вилояти ИИББ масъул раҳбарлари ва бошқа ходимларининг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган.

«Қонунчиликка мувофиқ, ички ишлар органлари ходимларининг қонунбузарлик хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш прокуратура органлари томонидан амалга оширилишини инобатга олган ҳолда барча материаллар прокуратура органларига тўлиқ тақдим этилади ва ҳолатга холисона баҳо бериш мақсадида улар билан яқиндан ҳамкорлик қилинади», — дейилади вазирлик хабарида.

«Ҳозирда ишга алоқадор тезкор ходимлар ўз жиноий қилмишларини рад этаётган бўлсалар-да, марҳум У.С. танасида жароҳатлар борлигини ҳисобга олиб, прокуратура томонидан қўшимча гистологик (ички органлар ва тўқималардаги жароҳат вақти ва даражасини аниқлаш бўйича) экспертиза тайинланган», — дейилади хабарда.

Мазкур экспертиза маълум муддат талаб қилади ва унинг хулосаси ва тўпланган далиллар бўйича ходимларнинг жиноий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилади.

«Шу ўринда алоҳида таъкидлаймизки, Ички ишлар вазирлиги инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги таъминланишига сўзсиз жавобгардир. Шахсга нисбатан қийноқ қўлланиши, зўравонлик ёки бошқа тарзда ғайриинсоний муносабатда бўлиши вазирлик томонидан қаттиқ қораланади ва бунга йўл қўйган барча ходимлар қонун олдида қатъий жавоб беради», — дейилади баёнотда.