Шавкат Мирзиёев Дубай шаҳрига ташрифнинг ишбилармонлик тадбирлари доирасида 2 декабрь куни Бирлашган Араб Амирликлари инвестиция вазири, ADQ холдинги бош ижрочи директори Муҳаммад Ҳасан ал-Сувайдий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Учрашувда TAQA компанияси раҳбари Жасим Ҳусайн Табет ва Masdar компанияси раҳбари Муҳаммад Жамил ал-Рамаҳий ҳам қатнашди. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликдаги қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш масалалари кўриб чиқилди.

Ташриф доирасида энергетика йўналишда Masdar компанияси билан Стратегик шериклик тўғрисида битим имзоланди.

Учрашув якунида давлат раҳбари Masdar бош ижрочи директори Муҳаммад Жамил ал-Рамаҳийга кўп қиррали Ўзбекистон-БАА муносабатлари ривожига қўшган шахсий ҳиссаси учун Ўзбекистон Республикасининг юксак давлат мукофоти — «Дўстлик» орденини топширди.

Эслатиб ўтамиз, Masdar 2023 йилда Ўзбекистонда учта фотоэлектр станциясини — Жиззах вилоятида 220 МВт қувватга эга Nur Jizzakh, Самарқанд вилоятида 220 МВт қувватга эга Nur Samarkand ва Сурхондарё вилоятида 457 МВт қувватга эга Nur Sherabad фотоэлектр станцияларини қуришни бошлади. Бунинг учун 400 миллион долларга яқин кредитлар жалб этилди.