Президент Шавкат Мирзиёев 1 июнь куни Сурхондарё вилоятига келиб, Шеробод туманидаги қуёш фотоэлектр станцияси қуриладиган майдонга борди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

2021 йилда Бирлашган Араб Амирликларининг «Masdar», Франциянинг «Total Eren» компаниялари томонидан Навоий ва Самарқандда ҳар бирининг қуввати 100 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилади.

Президент матбуот хизмати

Мазкур замонавий станциялардан бирини Шеробод туманида қуриш бўйича тендер эълон қилинган эди. Тендер савдоларини ўтказишда Осиё тараққиёт банки техник ва молиявий маслаҳатлари билан иштирок этган.

Лойиҳани амалга оширишга 50 дан ортиқ халқаро компания қизиқиш билдирган. Икки босқичли танловдан сўнг, Бирлашган Араб Амирликларининг «Masdar» компанияси энг арзон тариф таклиф этиб, ғолиб бўлган эди.

Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, лойиҳа доирасида мазкур компания томонидан қуввати 457 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилади. Шунингдек, 220 кВт кучланишли янги нимстанция ва «Сурхон» нимстанциясига уланиш учун 52 километрлик электр узатиш тармоғи барпо этилади.

Қуёш фотоэлектр станцияси учун 601 гектар майдон ажратилгани қайд этилди. «Masdar» компанияси 260 млн доллар тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилади. Станциянинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 1,04 млрд кВт/соатни ташкил этади. Бунинг натижасида йилига 340 миллион куб метр табиий газ тежалиб, 300 мингта хонадон электр энергияси билан таъминланади.

Хабарга кўра, фотоэлектр станцияси қурилишида минг киши, битганидан кейин 120 нафар мутахассис ишлайди. Ушбу йирик иншоотни 2023 йил августда ишга тушириш режалаштирилган.

«Ҳар бир киловатт-соат электр энергиясини 1,8 цент нархида сотиб олиш имконияти пайдо бўлиб, бу республикамиз иқтисодиёти учун жуда катта ютуқ ва аҳолига енгилликдир. Умуман олганда, ушбу станциянинг барпо этилиши, унда ишлаб чиқариладиган электр энергияси ва янги инфратузилмалар вилоятнинг комплекс ривожланиши учун катта туртки бўлади», — деди давлат раҳбари.

Шундан сўнг президент қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши муносабати билан унинг пойдеворига капсула қўйди.

Мазкур маросимда сурхондарёлик нуронийлар, видеоконференция орқали Осиё тараққиёт банки вице-президенти Ашок Лаваса , Бирлашган Араб Амирликларининг энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий иштирок этди.

Лойиҳа Ўзбекистон ҳукумати томонидан Осиё тараққиёт банки кўмагида амалга оширилаётган умумий қуввати 1 ГВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш дастурининг бир қисми саналади.

Бундан ташқари, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида қуввати 200 мегаваттдан бўлган қуёш фотоэлектр станциялари, Қорақалпоғистоннинг Беруний ва Қораўзак туманларида қуввати 100 мегаватли шамол электр станциялари, Бухоро ва Навоийда умумий қуввати бир ярим минг мегаватт бўлган 3 та шамол электр станцияларини қуриш бўйича келишувлар имзоланган.

2030 йилга бориб, Ўзбекистонда қуёш электр станциялари қувватларини 5 минг, шамол электр станцияларини 3 минг ва гидроэлектр станциялар қувватини 4 минг мегаваттга етказиш мақсад қилинган, дейилади хабарда.