Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 99-мактабда 8-синф ўқувчиси вафот этгани юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186- (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) ва 207- (Мансабга совуққонлик билан қараш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга киришилган.

Эслатиб ўтамиз, 28 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда ўқувчи мактаб ҳудудида очиқ электр симига тегиб кетиб, электр токи уриши оқибатида вафот этгани ҳақида маълумот тарқалганди.

Пойтахт мактаб таълими бошқармаси болани электр токи урганини рад этиб, ўқувчи ўйин майдончасидан чиқиб кетаётганда ҳушини йўқотгани, кейинроқ касалхонада вафот этганини билдирган.

Кейинроқ Бош прокуратура суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки маълумотларига кўра, ўқувчининг ўлимига электр токи уриши сабаб бўлганини маълум қилган.