Тошкент шаҳрида ичимлик ҳамда оқова (канализация) сув хизматлари нархи ошиши кутилмоқда. Бу ҳақда «Тошкент шаҳар сув таъминоти» хабар қилди.

Бунга сабаб сифатида сув таъминоти тизимидаги сарф-харажатларнинг кескин ортгани муносабати билан

Қайд этилишича, аҳоли учун бир метр куб сув нархи 1400 сўм, оқова сув нархи эса 1000 сўм, юридик ташкилотлар учун ичимлик суви нархи 3000 сўм оқава сув нархини эса 2200 сўм этиб белгилаш бўйича таклифлар Тошкент шаҳар депутатлар кенгашига тақдим этилган.

«Тошкент шаҳридаги ошиши кутилаётган сув ва канализация нархлари Тошкент вилояти ҳамда республиканинг бошқа ҳудудларидаги айни кундаги нархлардан пастлигича қолмоқда», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, якуний хулосалар бўйича оммавий ахборот воситалари ҳамда блогерлар учун матбуот анжумани ташкил этиш режалаштирилган.

Маълумот учун, 1 августдан Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида, 20 августдан Тошкент вилоятида ичимлик ва оқова сув хизматлари тарифлари оширилганди. Хусусан, «Тошкент сув таъминоти» корхонаси абонентлари учун аҳолига сувнинг кубометри тарифи 950 сўмдан 1700 сўмга (ҚҚСсиз), бюджет ва улгуржи ташкилотлари учун 4000 сўмдан 7000 сўмгача оширилиши хабар қилинганди.

Аҳоли учун оқова сув хизматлари тарифи 1 кубометр учун 700 сўмдан 850 сўмга (ҚҚСсиз), бюджет ва улгуржи ташкилотлари учун 1300 сўмдан 1850 сўмга оширилди.

Шу билан бирга, Тошкент вилоятида фаолият юритувчи «Чимён-Чорбоғ сув таъминоти» ва «Мусаффо оби ҳаёт» корхоналари абонентлари учун ҳам тарифлар оширилмоқда.

«Сурхондарё сув таъминоти» корхонаси Сурхондарё вилоятида 1 августдан тарифлар оширилишини маълум қилган эди. Аҳолига сув учун тарифлар 1 кубометр учун 1150 сўмдан 2140 сўмга, канализация учун эса 650 сўмдан 950 сўмга кўтарилган (ҚҚСсиз).

1 августдан Қашқадарё вилоятида ичимлик суви нархи 1000 сўмдан 2000 сўмга ва канализация учун 950 сўмдан 1000 сўмгача оширилди.