Сенатнинг қирқ еттинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикаси адлия органлари тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, қонун амалга оширилаётган ислоҳотларга мос равишда ишлаб чиқилган, Интеллектуал мулк ҳамда Давлат хизматлари агентликларининг вазифа, функция ва ваколатлари Адлия вазирлигига ўтказилганлигини инобатга олиб, вазирликнинг ваколатлари аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ушбу қонун билан 2 та кодекс ҳамда 15 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қонун лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилмоқда:

  • Интеллектуал мулк агентлигининг вазифалари Адлия вазирлигига юклатилмоқда;
  • интеллектуал мулк объектлари бўйича давлат экспертизасини ўтказувчи ваколатли ташкилот сифатида Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Интеллектуал мулк маркази» давлат муассасаси белгиланмоқда;
  • товар белгиси, товар келиб чиққан жой номи тўғрисидаги гувоҳномаларни бериш муддатини қисқартирилмоқда;
  • адлия органларига интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга жарима қўллаш ваколати берилмоқда;
  • давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни қўллаш ваколати адлия органларига ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларидан фойдаланишда 50 фоизлик чегирма қўлланилиши белгиланмоқда.

Муҳокамада қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши давлат хизматлари сифатини оширишга ҳамда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлашга, шунингдек, интеллектуал мулк ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишини кучайтиришга ва ушбу соҳаларда самарали марказлаштирилган бошқарув тизимини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.

Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.