23 ноябрь куни Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш учун пул ажратиш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Унда айтилишича, халқ депутатлари кенгашининг ўтган йил 22 апрелдаги қарори билан (ушбу ҳужжатни топиб бўлмади) «Нуроний» жамғармасининг пойтахт бўлимига «Оталар чойхонаси», «Уч авлод учрашуви», «Бувижонлар мактаби» ва бошқа шу каби учрашувлар, бир пиёла чой устида суҳбат, тақдирлаш ва бошқа тадбирларни ўтказиш учун 10 миллиард сўм ажратилган.

Ҳоким давлат раҳбарининг 2023 йил 11 мартдаги «Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 9 апрелдаги топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида II чоракда бюджет даромадларининг ортиғи билан бажарилган қисмидан яна 500 миллион сўм ажратиш бўйича топшириқ берди.

Жорий йилнинг 22 июнь куни кенгаш томонидан ҳам ушбу мақсадлар учун 1 млрд сўм йўналтирилганди.

Президентнинг 2023 йил 11 мартдаги қарори билан кексалар, ўрта авлод вакиллари ва ёшлар ўртасида «Уч авлод учрашуви» тадбирларини ташкил этиш белгиланган.