23 ноябрдан Тошкентдан Хўжакентга ва тескари йўналишда электр поездларининг ҳаракати қисман тикланади, деб хабар қилди «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати.

Компаниянинг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, қайта тикланган рейслар қуйидаги вақтларда жўнайди:

  • соат 06:40 да Хўжакентдан Тошкентга;
  • соат 16:58 да Тошкентдан Хўжакентга.

Эрталаб 07:10 да Тошкентдан Хўжакентга, шунингдек, Хўжакентдан Тошкентга кундузи 10:10 да қатнайдиган рейслар ҳозирча йўлга қўйилгани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, 8 ноябрдан ҳаракат таркибини модернизация қилиш мақсадида мазкур йўналишда электропоездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилганди.

2021 йил май ойида «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти Тошкентда шаҳар атрофи қатнови учун электропоездлар паркини янгилаш режасини эълон қилган. Шу тариқа, Хўжакент йўналишига тўртта янги тезюрар электропоездини қўйиш режалаштирилганди, бу эса йўл вақтини ҳозирги 2 соат 15 дақиқадан 1 соатга қисқартиради.

«Газета.uz» аввалроқ шаҳарлараро поездларда саёҳат қилаётган йўловчилар ва улар ушбу транспорт ҳақида қандай фикрда экани ҳақида ҳикоя қилганди (рус тилида).