Европа Иттифоқи раҳбарияти иштирокчи мамлакатларга Европа Иттифоқининг Украина олдидаги узоқ муддатли хавфсизлик мажбуриятларини назарда тутувчи концепцияни тақдим этди. Бу ҳақда ҳужжат лойиҳасини ўрганган Bloomberg агентлиги хабар бермоқда.

Агентлик маълумотларига кўра, лойиҳа қуйидаги тамойилларни ўз ичига олади:

  • Украинага «олдиндан кутиладиган, самарали, барқарор ва узоқ муддатли» ҳарбий ёрдам, Европа Иттифоқи мудофаа саноатини сафарбар қилиш;
  • Украинанинг киберҳужумлар ва гибрид таҳдидларга, шунингдек, дезинформацияга қарши курашишни кучайтириш;
  • миналардан тозалаш ҳудудларида ёрдам кўрсатиш;
  • Европа Иттифоқига қўшилиш учун зарур бўлган ислоҳотларни амалга оширишда ёрдам;
  • қуролларни назорат қилиш ва уларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашда Украинага кўмаклашиш;
  • ядро хавфсизлигини таъминлаш;
  • разведка маълумотлари ва сунъий йўлдош тасвирлари алмашинуви.

Ҳужжатда айтилишича, қурол-яроғ етказиб бериш Европа Тинчлик жамғармаси орқали давом эттирилади, бу жамғарма Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ҳиссалари ҳисобидан молиялаштирилади.

Европа Иттифоқи элчилари ҳужжат лойиҳасини шу ҳафтада, блок етакчилари эса декабрда муҳокама қилади, дея қайд этади Bloomberg. Концепция Украина ва G7 давлатлари билан маслаҳатлашувларда ҳам қўлланади.

G7 июль ойида қўшма декларация қабул қилганди, унда ҳар бир давлат Украина хавфсизлиги бўйича узоқ муддатли мажбуриятларни олишга ваъда берган. Катта еттилик давлатлари Украина Қуролли кучларига ҳисса қўшиш ва тайёрлашда ёрдам беришга ҳамда Киевга молиявий, техник ва сиёсий ёрдам кўрсатишга ваъда берган.

Ноябрь ойида бошида Еврокомиссия Украина ва Молдова билан ЕИга кириш музокараларини бошлашни тавсия қилганди.