Европа Комиссияси Европа Иттифоқи кенгашига Украина ва Молдова билан иттифоқга қўшилиш бўйича қатор шартлар асосида музокараларни бошлашни тавсия қилди. Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ўзининг X тармоғидаги саҳифасида хабар берди.

Еврокомиссия, шунингдек, кенгашга «мамлакат ҳукумати ислоҳотлар йўлида муҳим қадамлар қўйган тақдирда», Грузияга Европа Иттифоқига кириш учун номзод мақомини беришни тавсия этди.

Бундан ташқари, Босния ва Герцеговина билан Европа Иттифоқига аъзо бўлиш бўйича музокараларни «лозим даражада мувофиқликка эришилгандан сўнг» бошлаш кўрсатмаси берилди.

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель Украина бўйича тавсияга изоҳ берар экан, «Украина ЕИга томон яна бир муҳим қадам ташламоқда», — деди. Боррель, шунингдек, Молдова халқини табриклади. Грузияни ЕИга кириш йўлида қўллаб-қувватлашга ваъда берди.

Украина Россия қўшинларининг кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан сўнг дарҳол Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун ариза берган. Еврокомиссия раҳбари Ляйен бунга тўхталиб, «Украина ЕИга аъзо бўлиши керак, биз уни Европа оиласида кўришни истаймиз», — дея баёнот берган ўшанда.

2022 йил июнь ойида ЕИ етакчиларининг саммитида Украина ва Молдова (Грузия бундан мустасно) учун Европа Иттифоқига номзодлик мақомини бериш масаласи келишиб олинганди. Турли ҳисоб-китобларга кўра, Украинага Европа интеграциясини якунлаш учун 10 йилдан 20 йилгача вақт керак бўлиши мумкин.