Шавкат Мирзиёев 21 ноябрь куни Ўзбекистонда ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ер ҳисобини юритиш ҳамда кадастр хизматларининг сифатини яхшилаш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарига кўра, охирги уч йилда рақамлаштириш ҳисобига 40 миллион гектар ёки жами ерларнинг 90 фоизи кадастрда давлат рўйхатидан ўтказилган.

Шу билан бирга, 44 млн 800 минг гектар ер майдони, 8 млн 300 мингта бино ва иншоотнинг мулк сифатидаги бозор баҳоси ҳисобланмаган. Ҳозирда мавжуд бино ва иншоотларнинг шартли кадастр қиймати 70 миллиард долларни ташкил қилади. Аслида, уларнинг ҳақиқий бозор баҳоси бундан камида 4−5 баробар кўп бўлиши мумкин (280−350 млрд доллар).

«Бунга ернинг бозор қийматини ҳам қўшса, биласизларми, аҳоли ва тадбиркорларга қанчадан-қанча иқтисодий актив бўлади. Бунинг учун, аввало, ер ҳисобини жойига қўйишимиз шарт», — деди президент.

Унинг сўзларига кўра, ҳокимлар ва вазирлар бунинг ҳисоб-китобини ўйлаб ҳам кўрмаган, ўзига бирор вазифа белгилаб ҳам олмаган.

кадастр, шавкат мирзиёев

Шавкат Мирзиёев қолган ер майдонларини кадастр рўйхатидан ўтказиш ва рақамлаштириш бўйича топшириқ берди.

Маълум қилинишича, қишлоқ хўжалиги ерларида янги захиралар топиш учун аэросуратга оладиган замонавий самолёт ва лабораториялар олиб берилди. Кадастр агентлигига вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимлари билан биргаликда йил якунигача аэросуратга олиш ишлари Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва водий вилоятларида, 2024 йилда эса қолган ҳудудларда тўлиқ тугатиш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари, аэросуратлар асосида қишлоқ хўжалиги ерларини мониторинг қилиш тизимини яратиш режалаштирилмоқда.

Соҳада замонавий аэрофотокамера ва дронлар қўлланаётгани натижасида кўп захиралар аниқланмоқда. Масалан, Қарши туманида экин ерлари 45 минг гектар деб кўрсатиб келинаётган бўлса-да, ҳисоботда яйлов бўлиб турган 5 минг 100 гектар майдон ҳам аслида суғориладиган ер экани аниқланди. Бу бюджетга қанча тушум, қанча иш ўрни ва даромад йўқотиляпти, дегани, дейилади хабарда.

Умуман олганда, қишлоқ хўжалигида 286 минг гектар ернинг ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатлари тўлиқ эмас. Доимий фойдаланиш учун ажратилган 460 минг гектар ернинг ҳуқуқий мақоми аниқ эмас. 159 минг гектар ернинг ҳужжатдаги ва амалдаги майдони бир-биридан фарқ қилади.

Оқибатда жами 900 минг гектардан зиёд қишлоқ хўжалиги ерлари кадастр рўйхатидан ўтмасдан турибди. Кадастри йўқлиги сабабли уларни такрорий экинлар учун расман иккиламчи ижарага бериш имкони бўлмаяпти. Булар туфайли камида 300 минг иш ўрни, такрорий экиндан олинаётган маҳсулот ҳамда норасмий ижаранинг ҳисоби юритилмаяпти.

кадастр, шавкат мирзиёев

Президент кадастр ҳужжатлари бўлмаган ерлардан фойдаланиш самарадорлигини ўрганиш вазифасини қўйди. Бу масала билан туман ҳокимликларидаги халқ депутатлари кенгашлари ишчи гуруҳлари шуғулланади. Деҳқон ва фермерлар ерлардан самарали фойдаланса, улар билан ижара шартномаси тузилиб, кадастр рўйхатига олинади. Оқилона ишлатилмаётган ерлар ҳокимликлар захирасига қайтарилади.

Мутасадди вазирликларга ушбу тизимни амалиётга жорий қилиш, келгуси йил аэросуратга олиш ва қишлоқ хўжалиги ерлари кадастрини тўлиқ якунлаш бўйича топшириқлар берилди.

Бугунги кунда 817 минг гектар ер аҳоли яшаш жойи ва саноат ҳудудига айланиб кетган, аммо ҳисоботларда қишлоқ хўжалиги ерлари тоифасида турибди. Кадастр агентлиги ва ҳокимликларга бу ноаниқликларни ҳал қилиш, амалдаги «ер баланси»ни ҳисоботда тўғри акс эттириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Сув хўжалигида ҳам ҳужжати йўқ кўп ерлар бор. Улардан қўшимча иқтисодий самара олишнинг йўли — тўлиқ кадастрдан ўтказиш.

Шавкат Мирзиёев канал ва коллекторлар, табиий кўл ва дарёлар олдидаги ерларни ҳужжатлаштириб, аҳолига экспортбоп экинлар учун бериш бўйича ҳам топшириқ берди.

Йўл хўжалигида муайян ички йўллар ва унга туташ ерларда ҳужжат йўқ. Масалан, Қорақалпоғистон ва Хоразмда ички йўллар чегарасини белгилаш вақтида аукционга чиқарса бўладиган 2 минг 700 дан зиёд бўш ер участкаси аниқланган. Шу боис келгуси йил «Ташаббусли бюджет» ва «Менинг йўлим» лойиҳалари доирасида ички йўлларнинг кадастр ҳужжатини тайёрлаш ҳам назарда тутилади.

2021 йил охирида президент кадастр муаммоларининг марказида «пора ва коррупция» турганини айтганди.