Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) «Биокимё» компаниясининг устав капиталидаги 51 фоиз давлат акциялари сотилганини эълон қилди.

Аукционда 118 миллиард сўмга сотиб олиш тўлови билан Mega comfort business компанияси ғолиб бўлди.

Abrau Capital компанияси танлов асосида хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида жалб қилинган. У 3 та инвестордан сотиб олиш бўйича қизиқиш тўғрисидаги аризалар олган. Mega comfort business келиб тушган таклифлар орасида энг юқори нарх таклифини билдирган, дейилади хабарда.

ДАБА маълумотларига кўра, компания келажакда жамият фаолиятини барқарор ривожланишини таъминлай оладиган ва ишлаб чиқариш жараёнларини тўлиқ давомийлигини шакллантиришга салоҳиятига эга.

«Шу билан бирга, харидорнинг нарх таклифи консультант томонидан ҳисобланган корхонанинг сотилиши мумкин бўлган индикатив нархлар оралиғида жойлашган ҳамда мустақил баҳоловчи томонидан корхонанинг баҳоланган қийматидан юқори», — дейилади хабарда.

Объектни хусусийлаштириш 2023 йилнинг июль ойида бошланган.

Завод ҳақида

«Биокимё» АЖ 2007 йилда 1950 йилларда қурилган Янгийўл гидролиз заводи негизида ташкил этилган. У дондан тозаланган этил спиртини ишлаб чиқариш мажмуасига эга бўлган Марказий Осиёдаги энг йирик этил спирти етказиб берувчиларидан бири ҳисобланади.

Саноат ва ноишлаб чиқариш объектларига эга корхонанинг умумий майдони 18,92 гектарни ташкил этади.

Компания ҳақида

биокимё, спиртли ичимликлар заводи, хусусийлаштириш

Mega comfort business 2012 йил сентябрь ойида Тошкент вилояти Янгийўл туманида рўйхатдан ўтган бўлиб, умумий овқатланиш ва озиқ-овқат етказиб бериш соҳасида хизмат кўрсатмоқда. Устав капитали 50,1 млрд сўмни ташкил қилади.

Таъсисчилар Миркомил Юсупов, Юлдузхон Исхонбекова, Улуғбек Раджабов ва Равшан Алимовдир (ҳар бири 25 фоиздан улушга эга).

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Қўқон биокимё» спиртли ичимликлар заводининг 99,7 фоиз давлат улуши 277 миллиард сўмга (24,5 миллион доллар) сотилганди. Харидор асосчиси президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Абдулазиз Комиловнинг ўғли бўлган First Premium Allianceе компаниясидир.