Шавкат Мирзиёев 18 ноябрь куни Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги Ҳабиб Абдуллаев маҳалласида бўлди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Маҳаллада 4 минг 400 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Бу ерда 50 га яқин савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, таълим муассасалари жойлашган. 38 та кўп қаватли уй ва тўртта ижтимоий объектга «Маданиятли ҳудуд» бошқарув сервис компанияси хизмат кўрсатилмоқда.

тошкент, шавкат мирзиёев, энергия тежаш

Жорий йилда оталар чойхонаси, амфитеатр, Wi-Fi ҳудуд барпо этилди, ички йўллар ва болалар майдончалари таъмирланди, дейилади хабарда.

«Яшил макон» лойиҳаси доирасида шу кузда 2 минг тупдан ортиқ манзарали ва мевали кўчатлар экилди. Иккита артизан қудуқ қазилиб, яшил майдонларни суғориш тизими яратилди.

тошкент, шавкат мирзиёев, энергия тежаш

Президент туман аҳолиси билан суҳбатда энергияни тежаш, хонадонларда иссиқликни асраш, ҳар бир инсонда энергия тежаш маданиятига дахлдорлик туйғусини шакллантириш зарурлигини таъкидлади.

«Дунёдаги иқлим ўзгаришлари биздан узоқда, деб бўлмайди. Ўтган йилги совуқ буни кўрсатди. Энди иқлим ўзгаришини инобатга олиб, дунёқарашимизни ҳам ўзгартиришимиз керак. Ҳар бир фуқаро „бу менинг уйим, менинг маҳаллам, менинг туманим, менинг ватаним“ деб яшаса, натижа биз кутгандек бўлади», — деди у.

Бу маҳаллада ҳам қиш олдидан ўнта трансформатор таъмирланди, электр симлари алмаштирилди. Кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаклар капитал таъмирланди, янги эшиклар ўрнатилди. Уйларнинг ертўласидаги иссиқлик қувурлари янгиланди.

тошкент, шавкат мирзиёев, энергия тежаш

Президент Тошкент шаҳридаги 585 та маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли турмуш шароитини яхшилаш учун катта маблағ ажратилаётгани ва имкониятлар яратилаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, аҳоли «ўз уйи, маҳалласи ва кўчасини ободонлаштиришга бефарқ бўлмаслиги, фарзанди саломатлиги учун ҳеч бўлмаганда битта дарахт экишга тайёр бўлиши» учун дунёқарашини ҳам ўзгартириши керак.

«Биз жонажон Ўзбекистонимиз келажагини барпо этиш йўлида ҳаракат қиляпмиз. Саховатли ва кўп миллатли халқимиз бор. Халқимизнинг асосий бойлиги — тинчлик», — деди у.

тошкент, шавкат мирзиёев, энергия тежаш

Давлат раҳбари қуёш, шамол ва гидроэнергетика соҳасида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. «Бу йил Сирдарёда 1200 МВтлик янги станциясини очяпмиз. Бир йилда қурамиз. Агар кимдир ўз иқтисодиётини, давлатини ўйласа, камида 50 йил олдинга ҳисоб-китоб қилиши керак. 50 йил!» деди у.

Президент аҳоли сони йилига 1 миллион кишига ошиб бораётганини қайд этди. «Биз бу йил якуни келиб биз 37 миллион бўламиз. Уч йилдан кейин 40 миллион бўламиз. Бу ҳам бизнинг катта бойлигимиз. Лекин унинг тагида. қанча пенсия, қанча нафақа, қанча боғча, қанча мактаб керак? Шунча боғча бормиди Ўзбекистонда? Йўқ эди. Шунча мактаб бормиди Ўзбекистонда? Йўқ эди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти 14 октябрь куни Тошкент шаҳри аҳолиси билан мулоқотда раҳбарларнинг ҳисоботини эшитгани ва қиш мавсумига тайёргарликни якунлаш учун яна бир ой муддат берганини маълум қилганди. У 15 ноябрь куни яна маҳаллаларга бориб, амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишишга ваъда берганди. Президентнинг пойтахтдаги бир қатор янги ва янгиланган иссиқлик иншоотларига ташрифи ҳақида аввалроқ хабар бергандик.