Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йили Тошкентда аномал совуқ вақтида электр энергияси, газ ва иссиқлик таъминотида кенг миқёсда авариялар содир бўлганида чиқарилган «сабоқдан натижа нима бўлганини кўриш» мақсадида шанба куни Чилонзор туманига ташриф буюрди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

«Бунинг учун керакли қарорлар қабул қилдик, катта маблағлар ажратдик. Хориждан технологиялар, мутахассислар олиб келдик. Соҳа ходимлари қўшимча ўқитилди, уларнинг ойликлари оширилди. Ҳозир раҳбарларга ҳар бир маҳалла, ҳар бир кўп қаватли уй, мактаб, шифохоналарга кириб, иссиқликни кафолатлаш бўйича яна топшириқлар бердим», — деди давлат раҳбари.

«Энг муҳими, бу борада халқ назоратини йўлга қўямиз. Шу билан бирга, энергия тежамкорлик маданиятини ошириш керак. Сизга ўхшаган кўпни кўрган инсонлар, зиёлилар бунда намуна, давлатга кўмакчи бўлиши зарур», — дея таъкидлади у.

аномал совуқ, куз-қиш мавсуми, шавкат мирзиёев, энергияни тежаш

Президент, шунингдек, «Яшил Макон» лойиҳаси доирасида кузги дарахт экиш мавсумини бошлаб бериб, маҳаллалардан бирига аҳоли билан биргаликда кўчат ўтқазди. Жорий мавсумда 85 млн туп кўчат экиш режалаштирилганини ёзган эдик.

Янги ва янгиланган объектлар

аномал совуқ, куз-қиш мавсуми, шавкат мирзиёев, энергияни тежаш

Шавкат Мирзиёев ушбу туманда ишга туширилган когенерация иншоотини ҳам кўздан кечирди. Маълумки, ўтган қишдаги аномал совуқда иссиқлик таъминотида узилишлар рўй берди. Чилонзор туманининг Оқтепа ва Боғзор маҳаллалари вазият мураккаб бўлган ҳудудлардан эди. Бу ерда 50 та кўп қаватли уй, 7 та ижтимоий муассаса ва ўнлаб тадбиркорлик шохобчалари бор.

Ушбу ҳолатнинг такрорланишига йўл қўймаслик учун бу ерда бир вақтнинг ўзида иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқарадиган когенерацион қурилмалар ишга туширилди. Улар соатига 4,6 МВт электр энергияси ҳамда 29 гигакалориядан ортиқ иссиқлик ишлаб чиқариш қувватига эга.

Туркиянинг Iltekno компанияси билан биргаликда амалга оширилган лойиҳага Германиядан газ-поршенлар ҳамда «Bosch» қозонлари келтириб ўрнатилди. Шунингдек, қозонхонадан истеъмолчиларгача бўлган барча иссиқлик таъминоти инфратузилмаси реконструкция қилинди. Иссиқлик магистрали алмаштирилди, ҳар бир турар жой биноси ва ижтимоий объектларда алоҳида иссиқлик тақсимлаш пунктлари ўрнатилди. Жами 13 минг метр узунликдаги иссиқлик тармоқларини янги, изоляцияли қувурларга алмаштириш ҳисобига тўлиқ ёпиқ тизимга ўтказилди ва йўқотишлардан ҳимоя қилинди.

Лойиҳанинг яна бир самарали жиҳати — иссиқлик тақсимлаш пунктлари махсус датчиклар билан жиҳозланган. Ҳаво совиб ёки исиб кетишига қараб, уй ичидаги ҳарорат мўътадил сақлаб турилади.

Мажмуа ишга туширилиши натижасида йилига 5,3 млн метр куб табиий газ иқтисод қилинади. Атмосферага чиқадиган ифлослантирувчи моддалар 67 фоиз камаяди, оқова сув ташланмалари эса умуман бўлмайди.

Боғзор ва Оқтепа маҳаллаларидаги трансформаторлар алмаштирилди, электр узатиш тармоқлари янгидан тортилди. Бунга қўшимча, кўп қаватли уйлар тепасига қуёш панеллари ўрнатилмоқда.

аномал совуқ, куз-қиш мавсуми, шавкат мирзиёев, энергияни тежашПрезидент «Тошкент иссиқлик маркази» корхонасининг Шайхонтоҳур туманидаги 3-сонли иссиқлик марказини ҳам бориб кўрди. Бу мажмуа 1972 йилда қурилган. Бу ердаги 5 та қозонхона умумий қиймати 400 Гкал қувватга эга. Жами 491 та кўп қаватли уй, 150 дан ортиқ ижтимоий соҳа муассасаларга иссиқлик етказиб беради.

Ўтган қишда ҳаво кескин совиб кетиши оқибатида табиий газ босими пасайиб, истеъмолчиларга иссиқлик етказиш қийин бўлган эди. Шунинг учун жорий йилда иссиқлик марказида муқобил ёқилғидан фойдаланиш имкони яратилди. Хусусан, мазут хўжалиги қурилиб, қозонларнинг иккитаси аралаш шаклда — газ ва мазутда ишлашга мослаштирилди. Барча қозонхоналар таъмирланди. Шунингдек, газ босимини таъминлаш мақсадида иншоотга 4,6 километр алоҳида қувур тортилди.

Бу саъй-ҳаракатлар натижасида куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни иссиқлик билан узлуксиз таъминлаш имкони яратилди. Хусусан, тармоқ 30 даража совуқ ҳароратгача барқарор ишлайди. Бундай пайтларда захираланган мазутдан ишлатилади. Қувурлар изоляцияси мустаҳкамлангани учун иссиқлик йўқотилиши камайтирилган. Натижада аҳолига 65 даражадан кам бўлмаган иссиқлик етказиб берилади.

Худди шу тартибда 5-сонли иссиқлик маркази ҳам модернизация қилинган.

«Очиғи, узоқ йиллар давомида бу тизимга эътибор бўлмаган. Иссиқлик корхоналари эски ресурсда, эскича услубда ишлаб келган. Лекин олинган иссиқлик сарфланган харажатга нисбатан ўзини оқламади. Бундан одамлар ҳам рози бўлмади, корхоналар ҳам манфаат топмади. Ўтган йилги синовдан ва имкониятларимиздан келиб чиқиб, иссиқлик таъминотини модернизация қилаяпмиз. Энди иссиқликни сақлаш ва тежаш чораларини кўриш керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

аномал совуқ, куз-қиш мавсуми, шавкат мирзиёев, энергияни тежашДавлат раҳбари, шунингдек, Шайхонтоҳур туманида «Пахтакор» стадиони яқинидаги янги подстанцияни кўздан кечирди. Лойиҳа доирасида «Тракторсоз» подстанциясидан 19 километрдан зиёд кабел тортилиб, 2 та трансформатор ўрнатилди. Объек келгуси ойда ишга туширилади.

Бунинг натижасида пойтахт марказида кафолатланган 130 МВт қўшимча электр энергияси ҳосил бўлади. Шаҳардаги бошқа подстанцияларга юклама камайиб, авариявий ҳолатлар эҳтимоли 60 фоизга қисқаради, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Айни пайтда яна 5 та подстанция қуриш ва 4 та подстанцияни таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда, улар жами 850 МВт қувват беради.