Самарқанд вилоятидаги «Каттақўрғон» полигонида 17 ноябрь куни соат 20:15 да Ўзбекистон Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигига тегишли Ми-8 вертолёти ўқув парвоз чоғида ҳалокатга учради. Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, ҳодиса оқибатида вертолёт экипажи ҳалок бўлган. Вертолёт бортида неча киши бўлгани ҳақида маълумот берилмаган.

Бу сўнгги уч йилда Ўзбекистон ҳарбий учоқлари иштирокида юз берган камида иккинчи жиддий ҳодисадир. Сўнгги 20 йил давомида кўп сонли ўзбекистонлик ҳарбий хизматчиларнинг ўлимига сабаб бўлган ва тафсилотлари жамоатчиликка ошкор қилинган авиаҳалокатлар эса бир нечтани ташкил этади. «Газета.uz» очиқ манбалардаги маълумотлар асосида ушбу ҳодисаларни бир саҳифага жамлади.

Ўртачирчиқдаги Ан-2 ҳалокати

Қулаган Ан-2 самолёти авиафалокатдан икки кун аввал. Фото: «Фергана ИА»Қулаган Ан-2 самолёти авиафалокатдан икки кун аввал. Фото: «Фергана ИА»

2006 йилнинг 19 октябрь куни тонг соат 7:30 да Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманидаги аэродромга қўниш вақтида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпаниясининг бортида Мудофаа вазирлигининг ҳарбий хизматчилари бўлган Ан-2 самолёти ҳалокатга учраган. Ҳодисага об-ҳаво шароитининг кескин ёмонлашуви сабаб бўлган — самолёт туман оқимига тушиб қолиб, аэродромдан ташқарида ерга зарб билан бориб урилган.

ОАВ маълумотларига кўра, қулаган самолёт авиаҳалокатдан икки кун аввал, 2006 йилнинг 17 октябрида Тошкент аэроклуби парашютчилари иштирокида муваффақиятли парвозни амалга оширган. Аммо кузатувчилар ўша вақтдаёқ самолёт жиддий эскиргани ва таъмирга муҳтожлиги сезилганини айтади. Бундан ташқари, Ан-2 самолётларига 12 дан ортиқ одам ёки 1,5 тоннадан ортиқ юк чиқариб бўлмайди — ҳалокатга учраган Ан-2 бортида эса учувчилар билан бирга жами 15 киши (улардан 13 нафари — ҳарбий хизматчилар) бўлган, камига ҳарбий хизматчиларнинг ҳар бири ўзи билан тахминан 15 килограммлик парашют ҳам олган эди.

Ҳодиса оқибатида 15 киши — экипажнинг икки аъзоси ва 13 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган. ЎзА ахборотига кўра, ўшанда ҳодиса сабабларини аниқлаш мақсадида тузилган ҳукумат комиссиясига авиаҳалокатга олиб келган омилларни аниқлаб, бу ҳақда кенг жамоатчиликка ахборот бериш ҳақида ҳам топшириқ берилган.

Мудофаа вазирлигининг «Ватанпарвар» газетаси 2006 йил 20 октябрь сонида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг рўйхати эълон қилинган:

авиаҳалокат

  1. катта лейтенант Бобиржон Турғуналиевич Мирзалиев;
  2. катта лейтенант Сирожитдин Маҳаматкамилович Қўзиев;
  3. кичик сержант Руслан Габбарович Норкулов;
  4. кичик сержант Борис Исангалиевич Ходжанов;
  5. кичик сержант Абдумутал Абдилбакиевич Абдуллахайов;
  6. кичик сержант Маҳмуджон Абзамович Омонов;
  7. кичик сержант Шерзод Тўраевич Эгамбердиев;
  8. кичик сержант Воҳиджон Ҳамиджонович Якубов;
  9. кичик сержант Жанибек Умаралиевич Саидазимов;
  10. кичик сержант Акмал Аскаралиевич Кучканов;
  11. кичик сержант Нодир Мелиқулович Собиров;
  12. кичик сержант Руслан Якубович Бакиров;
  13. кичик сержант Паҳлавон Сайдуллаевич Абдуллаев;
  14. экипаж аъзоси Ильмар Нурсагитович Хасаншин;
  15. экипаж аъзоси Зуҳриддин Шуҳратович Сотқулов.

Фарғонадаги Ми-171 ҳалокати

2016 йилнинг 18 октябрь куни Фарғона вилоятида Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг Ми-171Е вертолёти ҳалокатга учради. ЎзАнинг Мудофаа вазирлигига таяниб тарқатган хабарига кўра, ҳодиса оқибатида жами 9 киши — экипажнинг уч аъзоси ва Қуролли Кучларнинг олти нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган (ўшанда Ўзбекистон раҳбарияти ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирган, Ўзбекистон раҳбариятига Қирғизистон президенти ҳам ҳамдардлик билдирган). Ҳодисанинг бошқа тафсилотлари, жумладан, ҳалок бўлганлар рўйхати эълон қилинмаган.

Орадан бир неча ой ўтиб, 2017 йил 12 январида президентнинг Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисидаги фармонига асосан 9 киши вафотидан сўнг жасорат медали билан тақдирланган. Бу 9 киши айнан Фарғонадаги авиаҳалокат қурбонлари бўлиши мумкинлигига ишора қилувчи ахборот ҳодисадан бир ярим йил ўтиб «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинади.

Майор Элёр Чориевни хотирлаб тайёрланган материалда унинг 2016 йил 18 октябрь куни Фарғонадаги вертолёт қулашида ҳалок бўлгани, вафотидан сўнг президентнинг 2017 йил 12 январидаги фармонига асосан «Жасорат» медали билан тақдирлангани айтилади.

Сурхондарёдаги Ўзбекистон ва Афғонистон самолётлари тўқнашуви

2021 йилнинг 14−15 август кунлари, Афғонистонда ҳокимиятнинг қуролли йўл билан алмашинуви жараёнида, ушбу мамлакатнинг 22 та ҳарбий самолёти ва 24 та ҳарбий вертолёти «Толибон» таъқибидан қочиб, Ўзбекистон ҳаво ҳудудига киради. Ушбу жараёнга доир фото ва видеомаълумотлар дастлаб ижтимоий тармоқларда тарқалади. 16 август куни тонгда тарқалган видеоларнинг бирида хизмат либосидан учувчига ўхшаш шахсга ёрдам кўрсатилаётгани кўринади, лекин унинг айнан қайси мамлакат учувчиси эканлигини аниқлаб бўлмайди. Шу билан бирга, тармоқда Афғонистон ҳарбий ҳаво кучларининг белгиси туширилган самолёт бўлакларининг суратлари ҳам пайдо бўлади.

авиаҳалокат

Орадан кўп ўтмай, бир неча афғонистонлик ва бир ўзбекистонлик шифохонага ётқизилгани ҳақида хабарлар тарқалади, аммо шифохонага ётқизилган ўзбекистонлик айнан қандай ҳолатда жароҳатлангани ҳақида маълумот берилмайди. Тушдан сўнг Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Сурхондарёда Афғонистон самолёти қулаганини тасдиқлади, аммо Ўзбекистон самолёти ҳақида маълумот бермади. Фақат 16 август оқшомида Ўзбекистон Бош прокуратураси нафақат Афғонистон, балки Ўзбекистон самолёти ҳам қулагани ҳақида ахборот беради.

авиаҳалокат

Унга кўра, 15 август куни Қашқадарёдаги «Хонобод» аэропортига қўниш учун рухсат сўраган Афғонистоннинг учта Embraer 314 ҳарбий самолёти Термиз аэропортига қўниш тўғрисида огоҳлантирилиб, улар Ўзбекистоннинг иккита МиГ-29 қирувчи самолётлари кузатувига олинади. «Лекин кузатув давомида Embraer 314 ва МиГ-29 самолётлари тўқнашиб, Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудига қулаган. Ушбу самолётлар учувчилари парашют (катапульт) орқали ерга тушишган», — дейилади Бош прокуратура ахборотида.

Ҳодисанинг бошқа тафсилотлари маълум қилинмаган.

Маълумот ўрнида: Ўзбекистон фуқаро авиациясидаги кўплаб инсонлар ўлимига сабаб бўлган сўнгги йирик авиафалокат 2004 йили 13 январь куни Тошкент аэропортида юз берган. Ўшанда Термиздан келаётган Як-40 самолёти ноқулай об-ҳаво шароитида пойтахт аэропортига қўнишга уриниб, учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетган ва аэоропорт деворига бориб урилган. Ҳодиса оқибатида самолёт бортида бўлган 37 кишининг бари ҳалок бўлган. 15 январда Ўзбекистонда умуммиллий мотам эълон қилинган.