Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида учувчисиз учадиган аппаратлардан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, бу тоифадаги жиноятлар учун жавобгарликни кучайтириш «Айрим тоифадаги жиноий қилмишлар учун жавобгарлик либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасига киритилган.

«Мамлакатимиз ҳудудида учувчисиз учадиган аппаратлар, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларининг белгиланган тартибда мажбурий декларация қилинадиган транзитидан ташқари уларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш тақиқланган. Жазо чоралари қатъий белгиланган бўлсада, ушбу тоифадаги жиноятлар сони йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Қонун ташаббускорлари шундан келиб чиқиб, жавобгарликни кучайтиришни таклиф қилмоқда», — дейилади хабарда.

Лойиҳага кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш ҳаракатларини содир этганлик учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи норма билан тўлдирилмоқда. Шунингдек, Жиноят кодексининг белгиланган санкцияларига муқобил жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш каби жазо турлари киритилмоқда.

Фракция аъзолари учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда республика ҳудудига олиб кириш фуқаролар томонидан қонунчилик талабларини билмаслик оқибатида ҳам содир этилаётганига эътибор қаратган.

Хусусан, узоқ муддат чет эл ҳудудида яшаб қайтган фуқаролар ёки республикага биринчи маротаба кириб келаётган чет эл фуқароларининг бундай мосламаларни олиб киришга тақиқ борлигидан хабари бўлмаслиги ҳам ҳуқуқбузарлик содир этилишига сабаб бўлаётгани таъкидланган.

«Шундан келиб чиқиб, қонунчиликда белгиланган меъёрлар аҳолига тушунарли тарзда ифодаланиши ва масъуллар томонидан тушунтириш ишлари кучайтирилиши зарурлиги қайд этилди. Йиғилишда қизғин муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан маъқулланди», — дейилади партия матбуот хизмати хабарида.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда Жиноят кодексига 2019 йилда мамлакат ҳудудига учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш учун уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси киритилган.

Ўша ҳаракатлар

  • такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
  • шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб;
  • бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса;
  • баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар одам ўлишига сабаб бўлса беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:

  • одамлар ўлимига;
  • ҳалокатга;
  • бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатларни содир этган шахс, агар у учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини ўз ихтиёри билан топширса, жавобгарликдан озод қилинади.

Дронларни қандай қилиб қонуний олиб кириш мумкин?

2022 йил 15 ноябрда Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор билан учувчисиз учадиган аппаратларни мамлакат ҳудудига кимлар олиб кириши мумкинлиги белгиланган.

Унга кўра, республика ҳудудида учувчисиз учадиган аппаратлар, (ва бутловчи қисмларини) олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки фойдаланишга қуйидаги субъектларга рухсат берилади:

  • Туризм ва маданий мерос вазирлиги;
  • Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг «Геоинновация маркази» ДУК;
  • «Чорвоқ» эркин туристик зонаси дирекцияси;
  • ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон миллий комиссияси.

Шунингдек, қарор билан вазирлик, идоралар ва хўжалик субъектларига Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорлари асосида учувчисиз учадиган аппаратларни ва уларнинг бутловчи қисмларини олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланишга рухсат берилиши мумкин.

Мамлакат туризм салоҳияти тўғрисида фото ва видеоматериаллар тайёрлаш учун хорижий ижодий гуруҳларга учувчисиз учадиган аппаратларни республика ҳудудига вақтинча олиб кириш, сақлаш ва улардан фойдаланиш учун рухсатнома Туризм ва маданий мерос вазирлигининг илтимосномасига асосан Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги томонидан берилади.