Ҳукуматнинг 15 ноябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан учувчисиз учадиган аппаратларни мамлакат ҳудудига кимлар олиб кириши мумкинлиги маълум бўлди, дея хабар бермоқда Norma.uz.

Ҳужжатга мувофиқ, республика ҳудудида учувчисиз учадиган аппаратлар, (ва бутловчи қисмларини) олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки фойдаланишга қуйидаги субъектларга рухсат берилади:

  • Туризм ва маданий мерос вазирлиги;
  • Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг «Геоинновация маркази» ДУК;
  • «Чорвоқ» эркин туристик зонаси дирекцияси;
  • ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон миллий комиссияси.

Республика ҳудудида учувчисиз учадиган аппаратлар, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларининг белгиланган тартибда мажбурий декларация қилинадиган транзитидан ташқари қонунга хилоф равишда олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш тақиқланади. Бу жиноий жавобгарликка ва уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосига сабаб бўлади.

Шунингдек, қарор билан вазирлик, идоралар ва хўжалик субъектларига Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорлари асосида учувчисиз учадиган аппаратларни ва уларнинг бутловчи қисмларини олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланишга рухсат берилиши мумкин.

Мамлакат туризм салоҳияти тўғрисида фото ва видеоматериаллар тайёрлаш учун хорижий ижодий гуруҳларга учувчисиз учадиган аппаратларни республика ҳудудига вақтинча олиб кириш, сақлаш ва улардан фойдаланиш учун рухсатнома Туризм ва маданий мерос вазирлигининг илтимосномасига асосан Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги томонидан берилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентнинг Чилонзор туманида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси учун видеокамерали дронлар, кузатув камералари ва ташвишли видеохабарлар тизимидан фойдаланилиши хабар берилганди.