Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг 15 ноябрдаги фармойиши билан 3 та машина харид қилиш учун 1 млрд 336,5 млн сўм ажратилмоқда.

Машиналар вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдурасул Абдуллаев, вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Отабек Султонбеков ва Юқори Чирчиқ тумани ҳокими Ускенбай Атемов учун харид қилиниши режалаштирилган.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг «Газета.uz» сўровига жавобан аниқлик киритишича, машиналар BYD гибрид туркумидаги автомобиллар саналади. Амалдаги хизмат автотранспортларини алмаштиришга эҳтиёж улардан 5 йилдан ортиқ фойдаланилгани сабабли туғилган.

Пуллар вилоят маҳаллий бюджетининг 2023 йил 3-чорак якуни билан шаклланган даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан ажратилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 апрелдаги қарорига мувофиқ,

  • вилоят ҳокимларининг ўринбосарлари хизмат автотранспортининг энг юқори нархи — БҲМнинг 1500 баравари (495 млн сўм)дан;
  • туман ва шаҳар ҳокимлариники — БҲМнинг 1000 баравари (330 млн сўм)дан ошмаслиги керак.

Август ойида Тошкент вилояти ҳокимлиги янги қимматбаҳо автомобиль харид қилгани ҳақида хабар тарқалгач, ҳокимлик матбуот хизмати буни рад этиб, «яқин орада янги автомобиль харид қилиш ҳам режалаштирилмаган»ини билдирганди.

Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдурасул Абдуллаев бу лавозимни август ойида эгаллаган, Отабек Султонбеков 2022 йил сентябридан буён ҳоким ўринбосари бўлиб ишлаб келмоқда. Юқори Чирчиқ тумани ҳокими Ускенбай Атемов эса ҳудудга 2010 йилдан бери раҳбарлик қилади.