Маданият вазирлиги соҳада фаолият юритиб келаётган айрим ходимларнинг уй-жой сотиб олиш, қуриш ёки реконструкция қилиш харажатлари учун субсидия ажратиш таклифи билан чиқди.

Муҳокамалар порталига қўйилган ҳужжат лойиҳасига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари қарори билан маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ипотека кредити асосида сотиб олинаётган уй-жой тўловининг 50 фоизи тўлаб берилади.

Бироқ ушбу бир марталик субсидия миқдори Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар учун 192,5 млн сўмдан, Тошкент шаҳри учун эса 245 млн сўмдан юқори бўлмаслиги керак. Субсидия тақдим этиш тўғрисидаги тавсиянома олган шахслар ипотека кредити бўйича бошланғич бадалнинг уй-жой қийматининг камида 5 фоизига тенг бўлган қисмини ўз маблағлари ҳисобидан шакллантиради.

Бунда ариза берувчидан 18 ёшдан 60 ёшгача ва маданият ҳамда санъат соҳасида камида 2 йил ишлаган бўлиши талаб этилади.

Мазкур қарор лойиҳаси тармоқларда муҳокамаларни келтириб чиқарди. Айрим интернет фойдаланувчилари бу каби ёрдам ноўрин эканини айтса, баъзилар таклифни қўллаб-қувватлади.


Вазирлик изоҳи

Маданият вазирлиги ҳолатга расмий изоҳ бериб, маданият ва санъат соҳаси вакилларининг ҳаммаси ҳам бир хилда тўй-ҳашам, туғилган кун ёки бошқа тадбирларда хизмат кўрсатиш, қўшимча даромад топиш имкониятига эга эмаслигини келтирди.

«Халқаро миқёсдаги кўрик-танловлар ва фестивалларда юқори ўринларни эгаллаб, Ватанимиз номини улуғлашга ҳамда маданият ва санъат соҳаси ривожига катта ҳисса қўшаётган маданият ва санъат соҳаси вакилларининг аксарияти узоқ йиллардан буён оилавий ётоқхоналарда ва ижара уйларда яшаб келмоқда. Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда иддао қилинаётганидек, маданият ва санъат соҳаси вакилларининг ҳаммаси ҳам бир хилда тўй-ҳашам, туғилган кун ва ёки бошқа тадбирларда хизмат кўрсатиш, қўшимча даромад топиш имкониятига эга эмас. Лекин шунга қарамай, улар ўз касбига меҳр қўйиб, фидойилик билан меҳнат қилмоқда», — дейилади вазирлик муносабатида.

Вазирликнинг таъкидлашича, ушбу соҳада фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчи ва ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш «2022 — 2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси»да белгиланган.

Вазирлик, шунингдек, ҳозирда маданият ва санъат соҳасида 36 мингдан ортиқ ходим ишлаётганини қайд этди. Улардан

  • 850 нафардан зиёди олий таълим тизимида;
  • 2500 нафари ўрта ва ўрта махсус таълим тизимида;
  • 12 минг нафардан ортиқ ўқитувчилар болалар мусиқа ва санат мактабларида;
  • 9 минг нафардан кўпроқ мураббийлар маданият марказларида;
  • 6 минг нафардан ортиқ ижодкорлар театр ва цирк соҳасида;
  • 2900 нафардан ортиқ санъаткор ва ижодкор концерт-томоша соҳасида фаолият юритади.

Аввалроқ «Газета.uz» маданият вазири Озодбек Назарбеков давлат мукофоти олган санъаткорлар ҳақидаги портал учун қарийб 500 млн сўм ажратиш ҳақида буйруқ имзолагани, унга санъаткорларнинг маълумотлари киритилиши ҳақида хабар берганди.

Кейинроқ вазирлик санъаткорлар ҳақидаги портал тўй ва бошқа тадбирларни режалаштираётган мухлисларга ижрочилар билан бевосита алоқада бўлишга ёрдам беришини таъкидлаган. Сайтда нафақат 10 га яқин санъаткор, балки соҳанинг бошқа вакиллари ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилади, деганди вазирлик.