Ўзбекистон Маданият вазирлиги давлат мукофотларига сазовор бўлган маданият ва санъат намояндалари ҳақидаги портал зарурлигини асослашга уринди.

Маданият вазирлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда фаолият юритаётган маданият ва санъат соҳаси вакиллари, уларнинг ижодий фаолияти тўғрисида аҳолига ишончли маълумотларни етказа оладиган ягона очиқ ахборот тизими мавжуд эмас.

«Иккинчидан, аҳолимизнинг тўй, маросим ва бошқа тадбирларга ўзлари маъқул кўрган санъаткор, ижодкор ёки ижодий жамоаларни таклиф қилиш истаги бўлса-да, улар билан тўғридан-тўғри контакт ўрнатиш, боғланиш ёки режа қилинган куни уларнинг вақти, имкониятини билиш қийинчилик туғдириб келади. Яъни санъаткор ва мухлис ўртасида интеграцион майдон мавжуд эмас», — дейилади хабарда.

Вазирликнинг таъкидлашича, яратилаётган портал энциклопедик хусусиятга эга бўлиб, фақат 10 нафар санъаткорнигина эмас, балки мамлакатда ижод қилаётган барча маданият ва санъат соҳаси вакиллари — хонанда-созанда, актёр-актриса, режиссёр, шоир-ёзувчи, сўз усталари, рақс санъати, тасвирий ва амалий санъат вакиллари, аскиячилар, бахши, жиров, оқинлар, цирк артистлари, фольклор жамоалари, ашула ва рақс ансамбллари, эстрада гуруҳлари, оркестр ва хор жамоалари, театр жамоалари тўғрисидаги аниқ ва ишончли маълумотлар билан тўлдирилади.

Мазкур онлайн тизим электрон ҳукуматнинг марказлашган платформаси; санъаткорларнинг лицензияси бор ёки йўқлигини текширишга кўмаклашувчи Адлия вазирлигининг «Лицензия» ахборот тизими ҳамда фойдаланувчиларга санъат ва маданият вакиллари ижодига баҳо бериш, шарҳ қолдириш имкониятини берадиган «Имкон Узбекистан» ННТнинг «commeta sharh» онлайн платформаси билан интеграция қилинади.

Маданият вазирлиги хабарига кўра, портал орқали маданият ва санъат вакилларини давлат мукофотларига тавсия этишда шаффофликни таъминлаш, жумладан, «Рейтинг баҳолаш» қуйи тизими орқали кенг жамоатчиликнинг шарҳ ва комментларини ҳисобга олиш, ижодкорлар фаолиятини адолатли сарҳисоб қилиш, умумий баҳоларни автоматик равишда ҳисоблаб бориш режа қилинган.

«Юқоридаги зарурат ва эҳтиёжлардан келиб чиқиб, ягона очиқ ахборот тизимини яратиш ташаббуси илгари сурилди. Мазкур портални ишлаб чиқиш харажатлари эса кўп функцияли ва катта маълумотлар базасини ўзи ичига қамраб олувчи янги тизимнинг мураккаб техник вазифаларини ҳисобга олган ҳолда белгиланган», — дея таъкидлади Маданият вазирлиги.

Аввалроқ «Газета.uz» маданият вазири Озодбек Назарбеков давлат мукофоти олган санъаткорлар ҳақидаги портал учун қарийб 500 млн сўм ажратиш ҳақида буйруқ имзолагани, унга санъаткорларнинг маълумотлари киритилиши ҳақида хабар берганди. Май ойида маданият марказлари веб-сайтини яратиш учун 530 млн сўм ажратилган, лекин сайт ишламаяпти.