Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров ўқитувчиларга ажратилаётган бюджет маблағлари ўз самарасини кўрсатмаётганини таъқидлади. У бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг «2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган мажлисида айтиб ўтди.

Депутат Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг жорий харажатлари учун ажратилган маблағнинг 80 фоизга яқини, яъни 35 триллион сўмга яқин маблағ фақатгина ўқитувчиларнинг ойлик маошига йўналтирилаётгани ҳақида гапираркан, берилаётган маблағнинг натижадорлиги ҳақида тўхталиб ўтди.

«Биз ўқитувчиларга юқори ойлик тўлаш ҳақидаги фикрни жамиятга илгари сурдик. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлиши керак. Ўқитувчи юқори маош олиши керак. Чунки ўқитувчи келажакни яратади. Биз ўзимиз томонимиздан педагогларнинг мақоми тўғрисидаги қонунни қабул қилдик. Уни мақом ва қонуний ҳимоялари нуқтаи назаридан ишлаяпмиз. Лекин маблағ камаймаяпти, кўпайгандан кўпайяпти. Нима учун ўқитувчиларга яратилаётган шу шароит бизга янги келажак умидларини уйғотиб беролмаяпти?», — дея савол қўйди у.

«Афсус билан айтиш керак, қилаётган маблағларимиз, инвестицияларимиз ўз самарасини, натижасини кўрсатмаяпти. Биз кўп пул сўраётганимиз йўқ, пулни оширинглар ёки кўпайтиринглар, деб сўраётганимиз ҳам йўқ. Берилаётган маблағнинг натижадорлиги ҳақида гапиряпмиз», — деди Алишер Қодиров.

Унинг сўзларига кўра, ўқитувчиларда 10−15 фоиз атрофида ортиқчалик бор, яъни мактабда зарурат бўлмаган ўқитувчилар ҳам ишлаяпти.

«Биз ҳали сифат ҳақида гапираётганимиз йўқ. Ўқитувчи бугунги ўқувчига кутилаётган билимни беролмаётгани сабаблари жуда кўп. Бу ерда ўқитувчини айблаш энг осон йўл. Лекин болалар шаклланиши жуда тезлашиб кетди. Ўқитувчи конспект тайёрлаб, 1−2 кун тайёрлаган маълумотни ўқувчи 5 сонияда уни интернет орқали олиб қўйяпти, замон шунчалар тезлашди. Энди ўқитувчи замонга мослашиши керак, замонавий бўлиши керак. Педагогика соҳаси, унинг методолгия ўзгариши керак», — дея таъкидлади Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари.

Алишер Қодиров таълим-тарбиядаги ислоҳотларда киритилаётган инвестицияларнинг самарадорлиги ҳақида вазирлик жуда жиддий бош қотириши кераклигини қўшимча қилди. Ўқитувчиларни малакасини ошириш, уларга юқори иш ҳақи бериш билан биргаликда уларнинг бугунги кундаги замонавий талабларда ишини тўғри баҳолаш тизимни ярата олиш кераклигини қайд этди.

«Буни инсон факторини аралаштирмасдан қиламиз, деган гапга вазир ўринбосари „қийин масала“ деб айтдилар. Нима учун? Бутун битта камера орқали битта ўқитувчи фаолиятига баҳо бериш қийин эмас. Ўқитувчи 45 дақиқа давомида болаларга нима берди? Тўғри таълим бердими ёки нотўғри бердими, самарали дарс ўтдими ёки аксинча, деб баҳо бериш қийин эмас», — деди «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, президент 2021 йил 10 ноябрдаги инаугурация маросимидаги нутқида ўқитувчилар ва шифокорлар ойлик маошини белгилаш масаласига тўхталиб ўтганди. 2023 йил 28 август куни мактаб таълими бўйича видеоселектор йиғилишида эса Ўзбекистонда 10 млн сўмдан ортиқ маош олаётган ўқитувчилар сони минг нафардан ошганини маълум қилганди.

«Газета.uz» cўнгги беш йил ичида таълим соҳасида ўртача иш ҳақи 2,5 баробар ошгани, бироқ мамлакатдаги ўртача иш ҳақига нисбатан фарқ 16,8 фоиздан 26,5 фоизгача кўтарилгани ҳақида ёзганди.