Туркиянинг Aksa Enerji компанияси Қашқадарё вилояти Нишон туманида газ поршенли электр станциясини қуради, дея хабар бермоқда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги.

9 ноябрь куни вазир Лазиз Кудратов ва Aksa Enerji бошқаруви раиси Жемил Казанчи ўртасида инвестиция шартномаси имзоланди.

Ҳужжатга кўра, Aksa Enerji давлат-хусусий шериклик шартлари асосида Нишон туманида қуввати 400МВт газ поршенли электр станциясини қуриш учун 250 миллион доллар сармоя киритади. Компания 25 йил — лойиҳани амалга оширишнинг бутун даври давомида электр станциясини лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш ва ишлатиш билан шуғулланади.

Қурилиш ишлари 2023 йилнинг декабрида бошланиши кутиляпти, 2024 йил охирида электр станцияси ишга туширилиши режалаштирилган.

Туркия компаниясининг ташрифи доирасида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ва Aksa Enerji ўртасида электр энергиясини сотиб олиш шартномаси ҳам имзоланди ва бу билан Ўзбекистон томони туркиялик инвестордан 25 йилга кафолатланган электр энергиясини сотиб олишни амалга оширади.

Туркия компанияси томонидан 2022 йилнинг январида Бухоро вилоятида қуввати 270 МВт бўлган иссиқлик электр станцияси, 14 январда эса Тошкент вилоятида қуввати 240 МВт бўлган иссиқлик электр станцияси фойдаланишга топширилган.

Aksa Enerji 1960 йилда ташкил этилган Kazanci Holding таркибига киради. Холдинг нафақат энергетика, балки қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида ҳам лойиҳалар ишлаб чиқади. Компания, шунингдек, қатор мамлакатларда: Туркия, Гана, Мадагаскар, Мали ва Конгода ҳам электр станцияларини қурмоқда.