Президент Шавкат Мирзиёев 9 ноябрь куни пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги тармоқларини қўллаб-қувватлаш ва ҳосилдорликни ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Учрашув аввалида давлат раҳбари дунёдаги бугунги зиддиятлар, савдодаги чекловлар иқтисодиётда ўз аксини топмай қолмагани, бу омиллар озиқ-овқат ва тўқимачилик экспортига салбий таъсир қилганини таъкидлади.

«Вазиятни жиловлаш учун ягона йўлимиз — бу қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни кескин ошириш ҳисобига таннархни камайтириш, чуқур қайта ишлаш ва қўшилган қиймат яратишга кўпроқ инвестиция жалб қилиш орқали экспортни кўпайтириш», — деди у.

Бунинг учун қишлоқ хўжалиги ва иқтисодий комплекснинг барча тармоқларини қўллаб-қувватлашнинг янгича ёндашувини жорий этиш зарур.

Давлат раҳбари боғдорчиликда 16 минг гектар боғ ва 10 минг гектар токзорнинг ҳосилдорлиги пастлигини қайд этди. Бу уларда гектаридан камида 3−5 минг доллардан, йилига ўртача 100 миллион доллар даромад йўқотилаяпти, дегани.

Шу боис энди ҳар бир туманда ҳоким бошчилигида қишлоқ хўжалиги, солиқ ва статистика ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, боғ ва токзорлар йилига камида бир марта хатловдан ўтказилади. Улар самарасиз деб топилса, ер солиғидан берилган имтиёз бекор қилинади ва солиқ тўлиқ ундириб олинади.

2024 йилдан бошлаб боғ ва токзорларга ҳосилдорлиги ва тушумига қараб, табақалашган ер солиғи ставкалари жорий қилинади.

Бундан ташқари, боғлардаги қатор ораларида ва томорқаларда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш вазифаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

шавкат мирзиёев, қишлоқ хўжалиги

Бугунги кунда паррандачиликда йилига 690 минг тонна гўшт ва 8,7 миллиард дона тухум етиштирилади. Сўнгги ойларда бу маҳсулотлар нархи сезиларли ошди. Озуқа муаммоси маҳсулот таннархини пасайтириш имконини бермаяпти. Шунинг учун 8 та йирик дон омбори ташкил этилиши айтилди.

Йиғилишда Ўзбекистонда биринчи тартибли парранда наслининг ота-оналик линияси йўқ, шу сабабли йилига 3 миллион бош жўжа импорт қилинмоқда. Бу насл ўзимизда бўлса, ишлаб чиқаришни 3 баробар ошириш, гўшт таннархини 10 фоизга камайтириш мумкин. Энг муҳими, йилига 50 миллион долларлик инкубацион тухум ва наслли жўжалар экспорт қилиш имкони пайдо бўлади. Шу борада АҚШ компаниялари билан келишувга эришиш вазифаси қўйилди, дейилади хабарда.

Президент 25 та туманда чорва кластерлари ташкил этиш, сут етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатмалар берди. Шунингдек, балиқ етиштиришни кўпайтириш, Cловения тажрибаси асосида ҳовузлар барпо этиш масалаларини ҳам айтиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев халқаро молия ташкилотларидан жалб қилинган маблағлар тўлиқ йўналтирилмаётганини таъкидлади. Маблағлар 20−25 йилга жалб қилинган бўлса-да, банклар томонидан тадбиркорларга 5−7 йилга ажратилмоқда. Кредит бериш учун лойиҳаларни кўриб чиқиш муддати бир йилгача чўзилмоқда. Маблағлардан фойдаланиш йўналишлари чеклангани сабабли тадбиркорларда қизиқиш кам.

Шу боис бу ресурсларни банклар учун ҳам, тадбиркорлар учун ҳам жозибадор шартларда ажратиш кераклиги таъкидланди. Қишлоқ хўжалиги лойиҳаларига бериладиган кредитлар муддати 3 йиллик имтиёзли давр билан 15 йилгача узайтирилиши, улар 2 ойгача муддатда кўриб чиқилиши белгиланди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига халқаро молия ташкилотлари, бюджет ва банклар ажратаётган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши бўйича ички аудит хизматини ташкил қилиш топширилди.

Президент бюджетга тушумларни таъминлаш масаласига ҳам эътибор қаратди. Бу борада айрим туман ва шаҳарларда оқсоқликка йўл қўйилаётгани, даромадлар ҳажми ишлаб чиқариш, экспорт ва инвестицияларга мос эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Куз-қиш мавсумига жиддий тайёргарлик кўрилгани таъкидланиб, ҳудудларга табиий газ етказиб бериш ва ҳисобини юритиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Ўша йиғилишда фермерларга фаолиятида қисман эркинлик берилиши маълум бўлди. Президент фермерлар бир вилоят ичидаги хоҳлаган кластери билан шартнома тузиш ва ортиқча ҳосилни биржа орқали сотиш ҳуқуқига эга бўлишини айтди.

Ўзбекистоннинг балл бонитети паст, сув оғир бўлган ва ҳосилдорлиги 30 центнердан ошмайдиган ҳар бир вилоятдаги 1 тадан туманда 70−80 центнердан юқори ҳосил берадиган пахта уруғини четдан олиб келишга рухсат этилади. Айрим тўқимачилик корхоналарига имтиёзлар берилади.