Ўзбекистонда фермерлар фаолиятида қисман эркинликка эга бўлади ва ким билан ишлашни танлаши мумкин бўлади. Бу ҳақда пайшанба куни президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувда маълум бўлди, деб хабар қилмоқда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Унинг сўзларига кўра, 20 та кластерда ҳисоб-китоблар жойида бўлса, 122 та кластернинг Қишлоқ хўжалиги жамғармаси олдида қарздорлиги бор, 27 та кластер эса фермерларга 2022 йил пахта ҳосилидан тегишли маблағларни тўлаб бермаган. Шу каби, фермерларнинг ҳам кластерлар олдида қарздорлиги бор.

Йиғилишда шу муносабат билан кластерларни ташкил этиш, улар билан фермерлар ўртасидаги муносабатлар бўйича янги тизим жорий қилиниши белгиланди. Ҳар бир вилоятда янги кластерларга молиявий кўрсаткичлари, ишлаб чиқариш қувватлари ва техника таъминоти бўйича талаблар қўйилади. Улар камида икки босқичли қайта ишлашни йўлга қўйган бўлиши шарт бўлади.

Бундан ташқари, фермерлар бир вилоят ичидаги хоҳлаган кластери билан фьючерс шартномаси тузиши мумкин бўлади. Улар фьючерс шартномасидан ортган ҳосилни биржа орқали сотишига ҳам имконият яратилади.

Шунингдек, келгуси йил ҳосили учун пахта етиштиришга 60 фоиз аванс кўринишидаги имтиёзли кредитлар тўғридан-тўғри фермерларга ажратилади. Мутасаддиларга кластер ва фермерларни молиялаштиришни янги тартибини йўлга қўйиш топширилди.

Президент октябрь охирида фермерларга қисман эркинлик бериш режалари ҳақида эълон қилган эди. Айни пайтда фермерлар бир кластерга бириктирилгани сабабли пахта ёки бошқа экинларнинг харид нархини белгилашда чорасиз аҳволда. Ўтган йили энг кам харид нархи 10 минг сўм этиб белгиланган бўлса, жорий йилда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги энди нарх бозор, яъни харидорлар (кластерлар) ва сотувчилар (фермерлар) томонидан тартибга солиниши ҳақида маълум қилган эди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан жорий мавсум учун тавсия этилган минимал нарх 8000 сўмни ташкил этади. Кластерлар эса асосан биринчи пахта теримини 6500 сўмдан сотиб олди (иккинчи ва кейинги теримлар учун нарх янада паст). Буни қисман фермерларнинг ўз далаларидаги пахта териб олиш истаги йўқлиги билан изоҳлаш мумкин, шу боисдан президент маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев кластерларга фермерларга қараб ўтирмасдан пахтасини териб олишга рухсат берди.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Тожикистон билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги ерларини хусусийлаштириш имконияти ҳали ҳам мавжуд бўлмаган дунёдаги кам сонли давлатлардан бири бўлиб қолмоқда.