Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 ноябрь куни қишлоқ хўжалиги тармоқларида ҳосилдорлик, даромад, иш ўрни ва инвестицияларни кўпайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди, дея хабар қилди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Йиғилишда жорий йилда 41 та кластерда ҳосилдорлик 40 центнердан ошган бўлса, 9 тасида 30 центнердан камлиги кўрсатиб ўтилди.

Ҳосилдорлик пастлиги ва таннарх юқорилиги ҳисобига Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида рентабеллик 10−11 фоиздан ошмаяпти.

Шу боис 2024 йилда балл бонитети паст, сув оғир бўлган ва ҳосилдорлиги 30 центнердан ошмайдиган ҳар бир вилоятдаги 1 тадан туманда 70−80 центнердан юқори ҳосил берадиган пахта уруғини четдан олиб келишга рухсат этилади.

Шу билан бирга, 30 центнердан паст ҳосил бераётган навларни экиш тўхтатилиб, улар уруғчилик институтлари томонидан ишлаб чиқилган янги серҳосил навлар билан алмаштирилади.

Бу йилги пахта ҳосилини тўлиқ қайта ишлаш натижасида 2024 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 9,6 млрд долларга, экспортни эса 4,5 млрд долларга етказиш ҳисоб-китоб қилинди. Бунинг учун қатор имтиёзлар берилади.

Бўялган матони 50 фоиздан кам бўлмаган қисмини ички бозорга сотган корхоналар ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада тўлайди, уларга мол-мулк солиғини 3 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.

2025 йил 1 январга қадар пахта ва сунъий толани импорт қилишда транспорт харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.

Тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари учун зарур технологик ускуналар ва уларнинг эҳтиёт қисмларини импорт қилишда улар божхона божидан озод қилинади.

Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида газлама ишлаб чиқариш ва бўёқхоналар ташкил қилиш, Қорақалпоғистонда сунъий тола, газлама-мато ишлаб чиқариш ва бўёқхона ташкил этиш бўйича лойиҳалар бошланган. Ушбу корхоналар келгуси йил ишга туширилиб, тадбиркорларга саноат ипотекаси асосида берилади, дейилади хабарда.

Ўша йиғилишда фермерларга фаолиятида қисман эркинлик берилиши маълум бўлди. Президент бир вилоят ичидаги хоҳлаган кластери билан шартнома тузиш ва ортиқча ҳосилни биржа орқали сотиш ҳуқуқига эга бўлишини айтди.