Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини доимий қўллаб-қувватлашини, шунингдек, мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлишини қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади. Бу ҳақда АҚШ давлат департаменти эълон қилган қўшма баёнотда сўз боради.

7 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов ва АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Дональд Лу бошчилигида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик мулоқотининг учинчи сессияси бўлиб ўтди.

Делегациялар Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, хавфсизлик, гуманитар ва маданий соҳаларда ўсиб бораётган шерикликни муҳокама қилди. Қўшма Штатлар Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сўзсиз қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади.

Вазир ўринбосари йиғилишда икки томонлама муносабатларнинг бугунги динамикаси, шунингдек, 2023 йилда стратегик шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида икки томон томонидан амалга оширилган кенг қамровли ишларни алоҳида қайд этди. Давлат котиби ёрдамчиси Лу сентябрь ойида Нью-Йоркда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси доирасида бўлиб ўтган «C5+1» саммитида Шавкат Мирзиёевнинг иштироки учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирди.

Делегациялар яқин сиёсий-дипломатик ҳамкорликни, жумладан, юқори даражадаги икки томонлама алмашинувлар ҳамда халқаро институтлар доирасидаги ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги ва Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади, дейилади қўшма баёнотда.

Томонлар Афғонистондаги гуманитар саъй-ҳаракатларни давом эттириш ва «C5+1» дипломатик формати орқали конструктив ҳамкорликни кенгайтириш каби минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашди.

Делегациялар савдо ва инвестицияларни ривожлантириш ва диверсификация қилишни давом эттириш, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни илгари суриш, аёлларнинг иқтисодий имкониятларини яхшилаш ва иқлим инқирозини биргаликда ҳал қилиш истагини билдирди. АҚШ томони Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштиришга қаратилган ишларни олқишлади.

Вазир ўринбосари Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари, жумладан, дин ва эътиқод эркинлигига ҳурмат кўрсатиш, одам савдоси ва коррупцияга қарши курашиш, гендер зўравонликларининг олдини олиш каби соҳалар орқали демократик ислоҳотларни давом эттириш тарафдори эканини алоҳида таъкидлади. Давлат котиби ёрдамчиси Лу ушбу ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун АҚШ ёрдами кенгайиб бораётганини қайд этди.

Делегациялар мудофаа, ҳуқуқ-тартибот идоралари, чегара ва божхона органлари ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштириш орқали хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини билдирди. Шунингдек, иккала томон ҳам маданият, таълимга оид ташаббуслар ва инглиз тилини ўрганиш дастурларини давом эттириш муҳимлигини, шунингдек, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

АҚШ ва Ўзбекистон қадимий санъат, артефактлар ва маданий объектларнинг талон-торож қилиниши ва ноқонуний айланмасига қарши курашда дипломатик алоқаларимизни мустаҳкамловчи икки томонлама маданий мулк тўғрисидаги битимни имзолади. Битим икки давлатни қадимий ёдгорликлар, тарихий ва маданий ашёларнинг ноқонуний савдосига қарши курашиш мажбуриятини олади ҳамда Ўзбекистондан ноқонуний йўллар билан олинган ёки олиб чиқилиши мумкин бўлган ҳужжатсиз ашёлар АҚШ чегараларини кесиб ўтмаслигини таъминлайди, дейилади департамент хабарида.

АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик ҳамкорлик бўйича навбатдаги мулоқот 2024 йилда Вашингтонда ўтказилиши режалаштирилган.