Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида АҚШга ноқонуний йўллар билан олиб кирилган айрим ўзбек артефактларини ватанга қайтаришга ёрдам бериши кутилаётган маданий бойликлар бўйича беш йиллик ҳукуматлараро битим имзоланди.

Ҳужжатни 7 ноябрь куни Тошкентдаги Темурийлар тарихи давлат музейида Маданий мерос агентлиги директори Баҳодир Абдикаримов ва АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник имзолади.

маданий қимматликлар

«[Ҳужжат] Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида музей ашёлари ва маданий қимматликларнинг ноқонуний айланмаси ҳамда қайтарилиши борасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш учун асос бўлиб хизмат қилади ва умид қиламанки, у ўзаро манфаатли бўлади», — деди БАҳодир Абдикаримов имзолаш маросимида.

Шартнома, хусусан, талон-тарож қилиш хавфи борлиги аниқланган ва махсус рўйхатга киритилган археологик ёки этнологик аҳамиятга эга объектларни АҚШга олиб киришга чекловлар ўрнатади.

Бундан ташқари, таълим, маданий ва илмий мақсадларда ахборот ва маданий мерос алмашинуви бўйича «Йўл харитаси»ни яратиш, қўшма кўргазмалар ўтказиш назарда тутилган.

«Шубҳасиз, маданий мерос, санъат асарларини муҳофаза қилиш осон иш эмас ва буни ёлғиз ҳал қилиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам мазкур келишув бугунги кунда жуда муҳим қадамдир. Биз Ўзбекистон меросини ҳимоя қилиш ва унинг бой тарихини дунёга намойиш этиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизда ҳамкорлик қиламиз дея умид қиламиз», — деди Жонатан Хеник.

Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб АҚШ билан маданий бойликлар тўғрисида шартнома имзолади. Ўзбекистондан ташқари дунёнинг яна 25 та давлати АҚШ билан шундай шартномалар тузган.

маданий қимматликлар

Ҳужжатни имзолаш масаласи илк бор 2021 йил декабрь ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги Стратегик шериклик мулоқоти йиғилишида кўтарилган эди. Шундан сўнг 2022 йил октябрь ойида АҚШ Давлат департаменти Таълим ва маданият масалалари бюроси Маданий мерос маркази делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди.